Хабар янгиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво маркази Исломда криптовалюта савдоси шариат қонунлари бўйича товар ва пул шартларига тўғри келмаслиги сабабли тақиқланганини маълум қилди. Кейинроқ марказ ушбу постни ўчириб ташлади ва муаммо ўрганиш ва изланишни талаб қилаётганини айтиб, узр сўради.

Дастлабки хабар

Биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу криптовалюталарда шариат томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Криптовалюта — транзакцияларни ҳимоя қилиш ва янги бирликларни яратишни назорат қилиш учун криптографиядан фойдаланадиган рақамли ёки виртуал валюта.

Уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади, дейилади хабарда.

Марказ ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган «рақамли пул»лар вақт ўтиши билан шариатга мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.

«Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир», — дейилади хабарда.

Фатво марказининг эслатишича, криптавалюталар савдоси ҳозирга қадар Дунё мусулмон улармолари бирлашмаси, Саудия Арабистони кибор уламолари ҳайъати, Миср «Дорул ифто» фатво маркази, Иордания фатво идораси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатво маркази, Ливия фатво уйи ва Фаластин фатво маркази каби фатво уюшмалар томонидан ҳаром деб эълон қилинган.

Криптовалюталардан фойдаланмаслик ҳукмининг асослари қандай?

Ислом дини қоидаларига кўра, тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак.

«Рақамли пуллар» ёки «виртуал пуллар» дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга:

Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди

Пул — тилла ва кумуш ёки уларнинг ўрнини босувчи, маълум бир қийматга эга бўлган, ҳукумат тарафидан тан олинган ва кафолатланган ҳамда инсонлар орасида ўзаро айирбошлаш воситаси сифатида муомалага киритилган нарса (валюта)дир. Демак, шариатга кўра, ўзаро айирбошланаётган нарсалар мол ёки пул бўлишлари шарт бўлиб, криптовалюталарда мол ёки пулда топилиши лозим бўлган юқоридаги шартлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмасдир.

Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир

Ҳозирда машҳур бўлган криптовалюталарнинг бирортасини ҳам расман давлатлар чиқармаган. Аксарининг эгалари номаълум, нари борса бир-икки шахсдир, дея таъкидлайди марказ. Дин қоидаларига кўра пулни давлат ишлаб чиқаради. Уни ҳар ким ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ.

Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак

Криптовалюталарни маълум бир тизимга уланган кишиларгина ишлата олади ва ҳозирда ҳамма ҳам уни муомала учун қабул қилмайди. Шу жиҳатда у ҳали тўлиқ пулга айланмаган. Савдо-сотиқда маҳсулот (товар) учун тўланадиган нарса пул ёки товар бўлиши лозим. Пулликка ярамайдиган нарса билан тўлов қилинса, бу савдо дуруст бўлмайди ва бекор бўлади. Ундан олинган фойда ҳам ҳалол экани шубҳа остида қолади.

Уларнинг натижаси номаълумлиги

Криптовалюталарнинг келажаги мавҳум. Унга ҳеч ким кафолат бермайди, ортида турмайди. Эрта-индин йўқолиб кетадими ёки барқарор валютага айланадими, номаълум. Криптовалюталар доимий резерв билан таъминланмаган ва бу уларнинг қиймати кутилмаган пайтда йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бундай валюталар билан савдо-сотиқ қилиш молни хатарга қўйишдир. Дин молни бекорга зое қилиш ва хатарга қўйишдан қайтарган, дея тушунтирилади хабарда.

Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши

Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Дин мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган.

Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги

Биткоин ва бошқа криптовалюталар ҳамёни эгаси ким эканини билиб бўлмаслиги сабабли ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка йўл очилади. Криптовалюта ўтказмалари банксиз амалга оширилиши ҳам унинг хавфини оширади ва ўтказилган маблағларни қайтариб олиб бўлмайди. Бугунги кунда халқаро фатво уюшмалари ва фиқҳ академиялари криптовалюталар масаласини чуқур ўрганиб, улар билан савдо қилиш жоиз эмас, деган фатво берган.

Масаланинг энг муҳим томони, пул деб аталаётган айирбошлаш воситаси ўз моҳиятида, яъни ишлаб чиқариш шакли, чиқариш босқичлари ва унга мурожаат қилиш жараёнида мавҳумликни ўз ичига оладими, йўқми, ундан алдаш воситаси сифатида фойдаланиладими, йўқми, маълум бир гуруҳнинг ноҳақ ва асоссиз бойишига сабаб бўладими, йўқми, шу жиҳатдадир, дейилади хабарда.

Сўнгги йилларда пайдо бўлган кўп турдаги криптовалюталарнинг ҳар биридан фойдаланиш жоиз ёки жоиз эмаслик ҳукмини юқоридаги умумий тамойилларга кўра эътиборга олиш керак. Шунга кўра, ўз моҳиятида жиддий мавҳумликларни ўз ичига олувчи, алданиш ва алдаш хавфи юқори бўлган, шунинг учун ҳеч қандай кафолатга эга бўлмаган, молиявий пирамида сифатида маълум бўлган ва айрим гуруҳларнинг адолатсиз ва асоссиз бойиб кетишига олиб келадиган криптовалюталардан фойдаланиш жоиз эмас, деб таъкидлади марказ.

Зарурат бўлса, криптовалюталарнинг ўрнини босадиган рақамли пулларни расмий доиралар муомалага киритиши мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди.

Янги хабар

Кечқурун Фатво маркази «Тузатиш ва узрнома» эълон қилди, айтилишича, материал техник сабабларга кўра эътиборсизлик натижасида тақдим этилган.

Фатво маркази директори шайх Нуриддин Холиқназар ва унинг ўринбосарлари айни дамда Ҳаж сафарида, «мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмаган», «замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Марказ узр сўраб, илмий тадқиқот якунлангач, фатво қайта эълон қилинишини маълум қилди.