3 июнь куни Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруков лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда таъкидланишича, охирги йилларда пойтахтда Tashkent City, Tashkent City Mall, Magic City каби туризм масканлари барпо этилди. Бу мажмуаларга йилига 4 миллиондан зиёд одам ташриф буюряпти, уларнинг 35 фоизидан кўпи хорижий туристлар, дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Лекин пойтахт ҳокимлиги ўз ташаббуси билан янги таклифлар билан чиқмаяпти», — дейилди президент мажлисида.

Шу боис бош вазирга туризм бўйича ҳар бир ҳоким ўринбосари ишига баҳо бериш топширилди.

Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Фото: Президент матбуот хизматиТуризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган Фахриддин Давруков 2021 йил апрель ойида Тошкент шаҳри ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.

У Тошкент молия институти (1997) ва президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини (2003) битирган. Кўп йиллар давомида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида ва Вазирлар Маҳкамасида ишлаган.