Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ҳамда ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 майдаги қарорида кўзда тутилган.

Президент 2021 йилнинг 20 августида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматидаги илк учрашувини ўтказганди. Тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушган. Улар етти йўналиш бўйича тизимлаштирилган, шундан сўнг ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича президентнинг қатор қарорлари қабул қилинган. Ўша йиғилишда Шавкат Мирзиёев бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.

Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Жамшид Ходжаев (ҳамраислар) бошчилигидаги янги комиссия ҳар йили 15 июндан мулоқотга қадар тадбиркорлардан таклифларни туну кун қабул қилишни ташкил этади, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, ҳудудий ишчи гуруҳлар ҳар куни тадбиркорлардан келиб тушган индивидуал хусусиятга эга масалалар жойида ҳал қилинишини таъминлайди.

Савдо-саноат палатасига мурожаатларни қабул қилиш ва қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан мулоқот натижаларини эълон қилиш учун «Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот» электрон платформасини ишга тушириш топширилди.

Комиссия ҳар йили президент ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот жойини аниқлаб беради. 2024 йилда у Қорақалпоғистонда ўтказилиш белгиланди. Бунгача барча учрашувлар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган.

Хорижий инвесторлар иштирок этиши керак бўлган халқаро бизнес-форум ҳам мулоқотга тўғри келади.

Бундан ташқари, йил охирига қадар Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда «Қорақалпоғистонда бизнес қилинг» дастури доирасида йирик хорижий ишлаб чиқарувчи компаниялар брендларини жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Тадбиркорлар муаммоларини таҳлил қилиш бўйича эксперт гуруҳлари йўналишлари

  1. Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш;
  2. Солиқ тизимини такомиллаштириш;
  3. Ишлаб чиқариш майдонлари билан таъминлаш
  4. Инфратузилма билан таъминлаш;
  5. Транспорт логистика;
  6. Тадбиркорлар маҳсулотларига бозор топиш;
  7. Ташқи иқтисодий фаолият ва инвестициялар;
  8. Тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш;
  9. Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш.