2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 52,6 триллион сўмни ташкил этди, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

2024 йилги давлат бюджети, давлат бюджети, давлат бюджети даромадлари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Бу кўрсаткич 2023 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 5,3 триллион сўмга ошган. 2022 йилнинг биринчи чорагида даромадлар 23,5 фоизга ошган бўлса, 2023 йилнинг шу даврида улар 12,8 фоизга, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 11,3 фоизга ўсган. Шундай қилиб, даромад ўсиши кетма-кет иккинчи йил секинлашди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) бўйича тушумлар 17 фоизга — 6,6 триллион сўмдан 7,7 триллион сўмгача, мол-мулк солиғи — 1,3 триллион сўмдан 1,7 триллион сўмгача (+30,5 фоиз), ер солиғи — 1,4 триллиондан 1,9 триллион сўмгача (+30 фоиз), божхона тўловлари — 2,2 триллион сўмгача (+27,6%) ўсди.

Давлат бюджетига даромад солиғидан 12,3 триллион сўм тушди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга кўп (2023 йилда ўсиш 2,6 фоиз, 2022 йилда 8,7 фоиз). Даромадларнинг ўсиши асосан металлургия заводларининг олтин сотишдан олган фойдаси билан боғлиқ бўлиб, унинг нархи жаҳон бозорларида янги рекордларни ўрнатган.

ҚҚС тушумлари 13,22 триллион сўмдан 12,27 триллион сўмгача (-7,2 фоиз) қисқарди, 2023 йилнинг биринчи чорагида 12,1 фоизга ўсиш кузатилди. Вазирликнинг таъкидлашича, қўшилган қиймат солиғи бўйича ялпи тушумлар (қайтариладиган сумма билан бирга) 19,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ошган. Ўтган йилнинг шу даврида тадбиркорларга 4,6 триллион сўм қўшилган қиймат солиғи қайтарилган бўлса, бу жорий йилда 7 триллион сўмни ташкил этди.

Жами акциз тушумлари 3,7 триллион сўмга (+7 фоиз) ўсди, бироқ алкоголь маҳсулотларида — 492,7 миллиард сўмдан 391,7 миллиард сўмгача (-20,5 фоиз), газда — 1,36 триллион сўмдан 1,08 триллион сўмгача (-20,6 фоиз), полиэтилен гранулаларда эса 63,8 млрд сўмгача (-3,8%) пасайиш кузатилди.

Имтиёзларнинг бекор қилиниши муносабати билан Аи-80 бензинидан олинган акциз тушумлари 450 миллиард сўмга ошди.

Давлат активларини хусусийлаштиришдан маҳаллий бюджетларга 91 миллиард сўм тушди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50,2 миллиард сўмга ёки 35,5 фоизга камдир.

Давлат божлари тушумлари 702,1 млрд сўмга (+16,3%), жарималар 508,2 млрд сўмга (+16,2%) ўсди, лекин йиғимлар бўйича тушумлар 275,9 млрд сўмга (-24,6%) камайди.

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 34,9 миллиард долларни ташкил этиб, бир йил давомида 5,7 миллиард долларга ошгани ҳақида хабар бергандик (режадаги 2,9 миллиард доллар ўрнига). Олти йил ичида қарз 3 баробарга ошган. Ўтган йили давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари кескин ошди.