Ўзбекистондаги хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ мавжуд эмас. Бу ҳақда 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев 1 майдан энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилгани, бироқ буни белгилашда табиий газ билан таъминланмаган фуқароларнинг эҳтиёжи инобатга олинмаганини қайд этди.

 Дониёр Ғаниев. Фото: Қонунчилик палатаси Дониёр Ғаниев. Фото: Қонунчилик палатаси

«Бу оғриқли қарор эди, лекин қилишимиз ҳам керак эди. Жойларда ҳам тушунтиряпмиз. Манзилли рўйхат асосида тегишли одамларга субсидия берилишини тушунтиряпмиз. Кўп ҳолатларда одамлар буни тушуняпти. Лекин жойларда ижтимоий лимит бўйича баъзи эътирозлар бўляпти. Энг катта эътирозлардан бири — лимитни белгилашда табиий газ билан таъминланмаган фуқароларнинг эҳтиёжлари инобатга олинмагани», — деди у.

Депутат бу эътироз ҳақида гапираркан, газ етиб бормаган хонадонлар қишда ўз-ўзидан иситиш учун электрга кўпроқ мурожаат қилиши, оқибатда мазкур ресурсдан фойдаланиш ортиб кетишини таъкидлади. Бу эса, ўз навбатида, қиш мавсумида аҳолига тўловлар ниҳоятда ошиб кетишига олиб келиши қайд этилди. Депутат агар бу муаммога тизимли ечим топилса, 100 минглаб аҳолининг муаммоси ҳал бўлишини келтириб ўтди.

Бу масалага юзасидан жавоб бераркан, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров савол тўғри қўйилганини билдирди.

Жамшид Қўчқоров.Жамшид Қўчқоров.

«Аҳолининг, тўғрироқ айтганда, хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ. Улар кўмир, ўтинни асосан бозор нархида олади. Айниқса, ўтинни. Кўмирни маълум миқдорда, ўзимизнинг кўмирдан чекланган нархларда харид қилиш имкониятига эга. Агар тўғри тушунаётган бўлсам, саволда газ йўқлиги учун улар қанақадир ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастагидан фойдаланадими, дейиляпти. Бу савол тўғри деб ўйлаймиз, айниқса, қиш пайтида», — деди вазир.

Жамшид Қўчқоров мазкур масала инобатга олиниши, бу ҳақда маслаҳатлашилгач, хабар берилишини билдирди.

Жорий йилнинг 24 май ҳолатига кўра, 4,26 миллион абонент табиий газ, 3,7 миллиондан ортиқ хонадон суюлтирилган газ истеъмол қилмоқда, яъни 46,7 фоизга яқин абонент газ қувурларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Эслатиб ўзтамиз, 1 майдан Ўзбекистонда электр ва газ тарифлари оширилди, энергия истеъмолига ижтимоий нормалар жорий этилди.

Энергоресурслар истеъмоли учун ижтимоий норма қуйидагича:

  • электр энергиясига — ойига 200 кВт/соатгача;
  • газ (мартдан-октябргача) — 100 куб метргача;
  • газ (ноябрдан-февралгача, яъни иситиш мавсумида) — 500 куб метргача.

Бу норма 2022 йил июль ойида ўрнатиш таклиф қилинган миқдордан камроқ (ўшанда электр энергияси — 250 кВт/соат, иситиш мавсумидан ташқари газ — 200 куб метр, иситиш мавсумида — 700 куб метр этиш таклиф этилганди), аммо кейин тарифларни оширишдан ва нормаларни жорий этишдан воз кечилган.

Ижтимоий норма деганда аҳоли томонидан имтиёзли ставкада тўланадиган миқдор тушунилади. Белгиланган меъёргача электр энергияси ёки газ нисбатан арзон (имтиёзли) нархда, ушбу меъёрдан юқори — бозор нархларида сотилади.

Янги тарифларда ойига 200 кВт/соатгача электр энергиясидан фойдаланувчилар харажатлари 1,5 баробарга — ойига 31 минг сўмга, 300 кВт/соатгача истеъмол қилувчи абонентлар учун — 91,5 минг сўмга (2 баравар), 500 кВт/соатгача бўлган абонентлар учун эса 212,5 минг сўмга (2,5 баравар) ошади.