Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда масъул шахсларга қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан чегарани кесиб ўтиш жараёнини осонлаштириш бўйича музокаралар ўтказиш топшириғини берди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари мамлакатда ўтказиладиган фестиваллар календарь-режасини такомиллаштириш, чет эллик машҳур ижрочилар концертини ўтказишга талабларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Матбуот хизматига кўра, сайёҳлар маҳаллий рейсларга самолёт ва поезд учун икки ой уёқда турсин, ярим йил олдин чипта олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Мутасаддиларга барча қатновлар ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформани ишга тушириш топширилди. Бунда чипталарни табақалашган нархда камида олти ой олдин савдога чиқариш тизими жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида ҳаво транспорти ҳажмини 4 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу мақсадни амалга ошириш учун соҳада йиллик ўсиш суръати камида 20 фоизни ташкил этиши керак, дейилади февраль ойида бўлиб ўтган тақдимотда. Ўшанда Шавкат Мирзиёев авиачипталарнинг юқори нархлари, мавжуд талабни қондириш учун ички ва халқаро рейслар етарли эмаслигини таъкидлаганди.