Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га туризм йўналиши бўйича раислик Ўзбекистонга берилди, дея хабар қилмоқда Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ахборот хизмати.

31 май куни Хива шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТга аъзо давлатларнинг туризм вазирлари йиғилишида халқаро тадбирни ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилган тайёргарлик ишлари ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантиришда олиб борилаётган ишлар қайд этилди.

Экспертлар гуруҳи йиғилишида расмийлар томонидан ташкилотда туризм йўналиши бўйича раислик Озарбайжондан Ўзбекистонга ўтгани эълон қилинди.

2 июнь куни эса Хива шаҳрида «Хива — 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остидаги ИҲТ туризм вазирлари Ислом конференциясининг XII сессиясининг расмий очилиш маросими бўлди.

Тадбирда ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозири, Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар иштирок этди.

Азиз Абдуҳакимов. Фото: Экология вазирлигиАзиз Абдуҳакимов. Фото: Экология вазирлиги

«2023 йил якунида Ўзбекистонда туризм соҳаси тўлиқ қайта тикланди. Юртимизга 7 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ички туризм йўналишида 21 миллион саёҳат амалга оширилди. Туризм хизматлари экспорти 2,1 миллиард доллардан ошиб, умумий хизматлар экспортининг 40 фоизни ташкил қилди. Соҳада бугунги кунда 370 минг кишининг бандлиги таъминланган. Жадал ривожланаётган туризм бизнеси муҳити, тадбиркорлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар, янги инфратузилма ва имкониятлар сабаб аҳоли орасида, айниқса, ёшлар учун туризм оммабоп соҳага айланиб бормоқда. Туризм хизматлари диверсификация қилиниши эвазига хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда ўртача қолиш муддати 2017 йилдаги 3−4 кундан ҳозирда 8−10 кунгача узайтирилди», — деди вазир.

Абдуҳакимовга кўра, Ўзбекистон ўз раислиги давомида ИҲТ ҳудудида «келажак туризми»ни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Хусусан:

  • «Смарт-туризм манзиллари» дастурини амалга ошириш;
  • «Ислом туризм масканлари» дастури ҳамда мега-инфотурлар ташкил қилиш;
  • «ИҲТ Туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси»ни тузиш;
  • Ислом цивилизацияси учун қадрли маданий мерос объектларини реставрация ва консервациясига ҳомийлик ва хайрия фаолиятини кучайтириш;
  • «ИҲТ Экотуризм тармоғи»ни шакллантириш;
  • БМТ Туризм ташкилоти ва Самарқанддаги Халқаро туризм академияси ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

туризм қўмитаси, хива, экология вазирлиги

«Ислом туризмига қизиқиш ортиб бораётгани ИҲТга аъзо давлатларга саноатни ривожлантиришда муҳим афзалликларни тақдим этади. Ҳалол таъминот занжиридан фойдаланиш борасида жамоавий ҳаракат қилиш ислом туризмини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ислом туризми бугунги кунда иқтисодий ўсишни таъминловчи энг таъсирли тармоқлардан бирига айланди ва, шунингдек, ИҲТ доирасида туризмни сезиларли даражада яхшилаш имкониятини тақдим этади. Бу аъзо давлатлар учун ушбу жадал ривожланаётган секторнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий афзалликларидан фойдаланиш учун ажойиб имкониятдир», — деди ИҲТ бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.

Бундан ташқари, иккита ишчи сессия ҳам ташкил қилинди. Биринчи ишчи сессияда Вазирлар конференциясининг кун тартиби ва иш дастури қабул қилинди. Иккинчи ишчи сессияда вазирлар ва делегациялар раҳбарларининг баёнотлари давом эттирилди, туризмни ривожлантириш бўйича қарор кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Маълумот учун, 2022 йилда Бакуда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири — Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилинганди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти эътирофнинг асосий омиллари сифатида виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этган.

Шу ўринда, Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отель ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилган ўшанда.