Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 11 фоизга ўсиб, 5,13 миллиард еврога етди. Жумладан, Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга экспорт 4,35 миллиард еврони, Ўзбекистондан ЕИга импорт 780 миллион еврони ташкил этди.

Бу рақамларни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан 5 июнь куни мамлакат ва ЕИ ўртасидаги дипломатик ва иқтисодий муносабатларга бағишланган кечада сўзлаган нутқида маълум қилди. Делегация ҳамда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси EUROUZ томонидан ўтказилган тадбирда ташкилот аъзолари, Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари ҳамда Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

Элчи, шунингдек, 2022 йилда Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга экспорти 3,77 миллиард еврога етганини, 63,9 фоизга ўсганини, Ўзбекистондан Европа Иттифоқига импорти эса 845 миллион еврони (ўсиш 77,1 фоиз) ташкил этганини, ўша йилда товар айланмасининг умумий ўсиши 70% дан ошганини эслатди.

«Ушбу рақамлар ортида бизнинг бизнесимиз Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича қандай дадил қарорлар қабул қилгани ҳақида сўзлайди», — деди дипломатик миссия раҳбари.

Бу йил Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шарлотта Адриан бу ҳақда гапирар экан, Европа Иттифоқи «Ўзбекистон бошлаган улкан ислоҳотлар йўлини» қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Биз Ўзбекистонга ўз ихтиёримиздаги барча воситалардан фойдаланган ҳолда ёрдам кўрсатишда давом этамиз, улардан бири GSP+ ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ёки EPCA (Европа нефтЬ-кимё ассоциацияси — таҳр.)га аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашда давом этамиз, бу ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очади», — деди Европа Иттифоқи элчиси.

«Ислоҳотлар йўлидан бориш тенг шароит яратилишига олиб келади ва умид қиламизки, Европа компанияларини Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратишга ундайди», — деди Шарлотта Адриан.

европа иттифоқи, eurouz

EUROUZ бош котиби Ойбек Шайхов ва бошқарув кенгаши аъзоси Луи Скайнер кўпроқ имкониятларни реал сармояга айлантириш ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни яхшилаш учун хорижий инвесторлар, маҳаллий бизнес вакиллари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида самарали мулоқот учун платформа яратиш муҳимлигини таъкидлади. Бу жараёнда EUROUZ`нинг ўрни борлиги ҳам қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, EUROUZ Ўзбекистондаги Европа савдо палатаси бўлиб, ўз аъзоларига мақсадли бозорни аниқлаш, бизнес алоқаларини ўрнатиш ва ҳукумат ҳамда бизнес ўртасида мулоқотни таъминлашда ёрдам беради. У Брюсселда жойлашган бўлиб, 2023 йил декабрь ойида Тошкентда филиалини тақдим этганди.