Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясининг (КҚАС) биринчи реакторини 5 йилдан кейин ишга тушириш режалаштириляпти. Бу ҳақда Spot`га Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Атом энергияси агентлиги қошидаги АЭС қуриш дирекцияси давлат корхонаси кичик АЭС қурилишига буюртмачи ҳисобланади. Хабар берганимиздек, лойиҳа Жиззах вилоятининг Фориш тумани Тузкон кўли яқинидаги дастлаб йирик атом электр станциясини жойлаштириш масаласи кўриб чиқилган аввал тасдиқланган майдонда амалга оширилиши режалаштирилган.

«Ўрнатилган қуввати 330 МВт бўлган олтита РИТМ-200Н реактор блоки негизида кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасининг қиймати махфий маълумотлар бўлиб, ошкор этиш шарт эмас», — дейилади агентлик хабарида.

Ташкилотнинг аниқлик киритишича, ҳар бири 55 МВт қувватга эга бўлган олтита реакторнинг барчаси «атом энергияси соҳасидаги меъёр ва қоидалар талабларини ҳисобга олган ҳолда, турли қувватдаги атом электр станциялари агрегатлари каби битта майдонда жойлаштирилади».

Кичик АЭСнинг биринчи реактори қувватини ишга тушириш жорий йилнинг ёзида бошланиши керак бўлган устувор ишлар тугаганидан 60 ой (5 йил) ўтиб амалга оширилади.

Ҳар бир кейинги реактор олти ой ичида ишга туширилади. Олтита реакторли кичик АЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 2032 йилдан олдин амалга оширилиши керак.

Қайд этилишича, маҳаллий умумий саноат ускуналари, маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар КҚАС қуришда лойиҳа ҳужжатларида белгиланган хусусиятларга мувофиқ фойдаланилади.

Кичик АЭСнинг узоқ хизмат қилиш муддатини инобатга олган ҳолда маҳаллий хомашё ва материаллардан фойдаланиш зарур, дея қўшимча қилди агентлик.

  • АЭС қурилиши бўйича шартнома 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи чоғида АЭС қуриш дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» компанияси («Росатом»нинг инжиниринг бўлими) ўртасида тузилган эди.
  • Бундан ташқари, 2018 йил 7 сентябрдаги Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланган.
  • Станция қурилишида «Росатом» бош пудратчи бўлиб, қурилишда Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.
  • Росатом раҳбари Алексей Лихачёвнинг айтишича, станцияни 2029 йилдан 2033 йилгача «босқичма-босқич, модулма-модул» ишга тушириш режалаштирилган. Кичик АЭСда сув билан совутиладиган РИТМ-200Н ядро реакторлари бўлади, улар атом музёрарларида қўлланган.
  • Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришнинг катта улуши билан амалга оширилади. «Ўзбекистон томонидан молиялаштириш, давлат (Россия) кредити масаласи муҳокама қилинмаяпти», — деган у.