«Чилонзортумангаз» газ таъминоти бўлими маҳалла газчиси ва етакчи муҳандиси пора олишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Б.Ю. ва Х.С. «Карвонсарой» меҳмонхонасида фойдаланилган табиий газ учун тўловда аниқланган камчиликлар юзасидан баённома расмийлаштирган.

Бироқ қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юбормаслик эвазига тадбиркордан 25 млн сўм талаб қилгани айтилмоқда. Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.