5 июнь куни Россия президенти Владимир Путин халқаро иқтисодий форум ўтаётган Санкт-Петербург шаҳрида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан уч ярим соатдан кўпроқ суҳбатлашди.

Суҳбатда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, АҚШ, Ўзбекистон, Хитой, Эрон, Буюк Британия, Туркия, Корея, Италия, Германия, Япония, Испания, Франциядан ахборот агентликлари (жумладан, Reuters, AFP, AP, Kyodo News, ANSA) вакиллари иштирок этди.

абдусаид кўчимов, афғонистон, владимир путин, россия - украина, ўза

Учрашувда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам қатнашиб, Путинга Афғонистон масаласида савол йўллади.

«Владимир Владимирович, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда сиз президент Шавкат Мирзиёев билан долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдингиз. Ўзбекистонимиз учун қўшни Афғонистон заминидаги тинчлик ва барқарорлик ниҳоятда муҳим. Афсуски, Украинадаги воқеалар бундан кам бўлмаган долзарб, бизнингча, Афғонистон масаласини глобал кун тартибидан бутунлай чиқариб юборганини кузатмоқдамиз», — дея гап бошлади у.

Абдусаид Кўчимов.Абдусаид Кўчимов.

Абдусаид Кўчимовнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг янги ҳокимияти билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, узоқ вақтдан бери азоб чекаётган афғон халқининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш учун объектив эҳтиёж мавжуд. Қолаверса, Афғонистоннинг янги ҳукумати, яъни «Толибон» ҳаракатининг мамлакатда тинчлик ўрнатишга, барча давлатлар билан конструктив ҳамкорлик қилишга интилаётганини кўриш мумкин.

«Россия Федерацияси учун Афғонистон билан мулоқотни давом эттириш қанчалик муҳим? Афғонистон ҳозирда Россия сиёсатида муҳим ўрин тутадими? Бу мамлакат атрофидаги жараёнларга муносабатингиз қандай?» — деб савол берди ЎзА бош директори.

Путин саволга жавоб беришдан аввал Ўзбекистонга ташриф жуда пухта, самарали ва натижавий бўлганини таъкидлади.

«Бундай формат, эҳтимол, ҳозирча ҳеч ким билан бўлмаган бўлса керак, аниқроғи, президент Мирзиёев ташаббуси билан биз нафақат Ўзбекистонга президент таклифи билан катта ҳукумат делегацияси билан келдик, балки айни вақтда ҳудудлар раҳбарлари учрашувини ҳам ўтказдик. Маълум бўлишича, Россия ҳукуматининг ярми ва Россия Федерациясининг кўплаб ҳудудлари раҳбарлари Тошкентга борди. Россиянинг айрим ҳудудлари раҳбарлари ҳатто Тошкентда янгиланган Россия Федерацияси ҳукумати раҳбарияти билан ҳам мулоқот қилишдан мамнун бўлди, бу қизиқ кечди, лекин улар бир-бири билан ҳам жуда фаол мулоқот қилди. Бу мен учун ҳам кутилмаганда жуда фойдали бўлиб чиқди», — деди Россия президенти.

абдусаид кўчимов, афғонистон, владимир путин, россия - украина, ўза

«Иккинчидан, биз Украина муаммосини муҳокама қилдик ва президент Мирзиёев, албатта, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори, Украинада содир бўлаётган воқеалардан Ўзбекистоннинг хавотирлари ҳақида бир неча бор гапирди. Бироқ Ўзбекистоннинг бу борада олиб бораётган сиёсати бетараф ва жуда мувозанатли экани учун биз президентдан миннатдормиз», — дея қайд этди Путин.

Шундан сўнг президент Афғонистон масаласига тўхталди.

«Бу ҳақда кўп гаплашдик. Ўзбекистон олдида турган муаммо — дунё океанига, денгизларга чиқиш муаммоси, бунинг ҳаммаси аниқ ва равшан. Бу ерда турли хил вариантлар мавжуд, жумладан, Афғонистон ҳудуди орқали логистикани ривожлантириш, логистиканинг барча турлари: қувур линиялари, темирйўл транспорти, автомобиль транспорти, энергия ресурслари, электр энергияси ва бошқаларни етказиб бериш ва ҳоказо», — деди у.

Путиннинг сўзларига кўра, бу борада Афғонистондаги барқарорлик Ўзбекистон учун ҳам, Россия учун ҳам жуда муҳим.

«Биз ҳар доим реалликка таянганмиз: Афғонистондаги ҳокимиятни „Толибон“ назорат қилади ва, албатта, БМТ даражасидаги барча келишувлар, жумладан, Афғонистоннинг барча этник гуруҳлари иштирокидаги ҳокимият инклюзив бўлишини таъминлаш керак. Бу нозик, жуда муҳим савол. Лекин биз „Толибон“ ҳукумати билан муносабатларни ўрнатишимиз керак», — дея қайд этди Россия етакчиси.

«Умуман олганда, алоқалар мавжуд. Афғонистон ҳам буни ривожлантираётганини биламан. Олдинга ҳаракатланамиз, қайсидир маънода қўшни давлат билан муносабатларни яхшилашимиз керак, айниқса, Ўзбекистоннинг узоқ чегарага эгалиги ҳисобга олинса, хавфсизликни таъминлаш ва такрор айтаман, логистикани ривожлантириш керак. Биз бу борада, албатта, биргаликда ишлаймиз ва бу имкониятларни ўрганамиз, деб келишиб олдик», — деб сўзини якунлади Путин.

  • 2022 йил март ойида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарур деб ҳисоблашини маълум қилганди. «Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецск халқ республикаларини тан олмаймиз», — деди у.
  • Ўша йилнинг февраль ойида президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзбекистон Россия томонидан Украина ҳудудида амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатлар масаласида вазмин, нейтрал позицияда», — деб таъкидлаганди. Ўзбекистон барча низо ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблайди, деганди у.