Шавкат Мирзиёев Ғарб давлатларининг Фаластин фожиасига бўлган муносабати қаттиқ хавотирга солаётгани ва амалда иккиёқлама стандартлар кузатилаётганини таъкидлади. У бу ҳақда 6 июнь куни Туркияга ташрифи доирасида ОАВ вакилларига берган баёнотида гапирди.

Давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдоған билан энг долзарб минтақавий масалалар билан батафсил фикр алмашганини айтди. Хусусан, Ғазо секторида 8 ойдан буён қонли воқеалар давом этаётгани, оқибатда 40 мингга яқин тинч аҳоли, болалар ва қариялар қурбон бўлганини қўшимча қилди.

«Бугун халқаро ҳамжамиятнинг, жумладан, Ғарб давлатларининг бу фожиага бўлган муносабати бизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Амалда иккиёқлама стандартлар кузатилмоқда. Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган ва уларнинг ҳимоясида турган етакчи, ривожланган давлатлар бу қотилликларга, бу ваҳшийликларга кўз юммоқда. Албатта, зўравонликни тўлиқ тўхтатиш ва тинчлик жараёнини бошлаш керак. Ғазо фожиаси ҳалигача ҳал қилинмаган Исроил-Фаластин зиддиятининг аянчли оқибатларидир. Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун, албатта, мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт», — деди у.

Мирзиёев аслида Фаластин муаммоси бутун Яқин Шарқ муаммосининг ўзаги эканини айтиб, Ўзбекистон ана шу ўткир муаммо бўйича Эрдоғаннинг билдираётган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Биз муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз…Ҳурматли Эрдоған жаноби олийларининг Ислом динига қарши ҳар қандай салбий ҳаракатларга нисбатан қатъий позицияси ҳам алоҳида эҳтиром ва эътирофга лойиқдир. Биз ҳозир мураккаб вазиятда динимизга қарши ёвуз кучларнинг турли хуруж ва босимларига биргаликда жавоб қайтаришга келишиб олдик», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг октябрида Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдамлиги ва унинг қабул қилинган резолюцияларга мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Ноябрь ойидаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида эса Фаластин-Исроил урушининг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олаётганини айтган. «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз», — деганди президент.

Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом саммитида қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов аъзо давлатларни Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа масканлар дахлсизлигини таъминлашда имкониятларини сафарбар этишга чақирганди.

У Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн доллар ажратгани, БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига 120 та давлат қаторида Ўзбекистон ҳам ёқлаб овоз бергани, Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Исроил-Фаластин можаросига тўхталиб ўтилгани, Ўзбекистонда ўтган ИҲТ саммитида ҳам Шавкат Мирзиёев урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олаётгани ҳақида гапирганини сўзининг далили сифатида келтирган.