Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, Шохрух Гуламов ҳамда Акрам Алиев инвестициялар, саноат ва савдо вазирига ўринбосар вазифасини бажарувчилар этиб тайинланди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълум қилди.

Шохрух Хасанович Гуламов (1990 йилда туғилган) тайинловга қадар мазкур вазирликнинг халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У, шунингдек, МДҲ Иқтисодий кенгаши ҳузуридаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссияда Ўзбекистоннинг ваколатли вакили сифатида ҳам ишлаган.

Акрам Заирович Алиев (1991 йилда туғилган) эса вазирлик департаменти директори лавозимида ишлаган.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати «Газета.uz»га ойдинлик киритишича, улар вакант турган вазир ўринбосарлари лавозимларига тайинланган.

Одатда вазир ўринбосарлари президент томонидан тайинланади, аммо ёшроқ амалдорларга вақтинча бажарувчи статуслари берилмоқда, шунинг учун қарор бош вазир томонидан қабул қилинган.