Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказини бориб кўрди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Марказ Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида ташкил этилган. Тўлиқ таъмирланган ва замонавий жиҳозланган мажмуа 2024 йил март ойида иш бошлаган.

Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олувчи ягона ахборот платформаси ҳисобланади. Бу ерда жойлардаги вазият ва ходимларнинг иш-ҳаракати рақамли технологиялар орқали таҳлил қилиб борилади. Хусусан, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолияти 6 та йўналиш бўйича назорат қилинади ва баҳоланади.

Бунда «Е-Жамоат хавфсизлиги», «Е-Ижтимоий вазият» каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари ҳамда 6 мингдан зиёд «ақлли» кузатув камералари интеграцияси қўл келмоқда.

Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл-патруль, пост-патруль ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар йўлга қўйилган. «Оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш ўргатилади», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳа ходимлари юқори технологияларни яхши билиши лозимлигини таъкидлади.

Хабарда таъкидланишича, сунъий интеллект технологиялари одамлар ҳаёти ва ишини осонлаштириш билан бирга, тобора кибержиноят ва фирибгарлик воситаларига айланиб бормоқда. «Бундай жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва фош этиш учун ички ишлар ходими ундан-да илғор, зийрак бўлиши керак», — дея таъкидланди президент ташрифи чоғида.

Шу боис марказдаги учрашувга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳузуридаги олий ўқув юртлари ректорлари таклиф этилди. Улардаги ўқув дастурларини шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, дарслар ва илмий ишларнинг ҳаёт билан ҳамнафаслигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлигида учувчисиз қурилмаларни қўллаш бўйича тузилма ташкил этиш вазифаси қўйилди. Президент жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

Жамоат хавфсизлиги бўйича стратегия 2025 йил охирига қадар соҳани рақамлаштиришни 90 фоизга етказишни назарда тутади. Ташриф чоғида давлат раҳбарига бу борадаги ишларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда муаммолар ўрганилиб, иккинчисида шу асосида мутахассислар ва дастурлар тайёрланди. Жумладан, 66 та ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилди.

Уларга вазирлик ва идораларнинг 77 та ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 25 та ахборот тизими интеграция қилинди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари 18 мингдан зиёд планшетлар билан таъминланди ҳамда рақамли қурилмалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқитилди.

Натижада 155 та ҳисобот, 37 та иш юритиш соҳаси, юзга яқин қайднома ва йиғма материаллар рақамлаштирилган. Бунинг ҳисобига 213 миллиард сўм тежалишига эришилган.

Жорий учинчи босқичда Маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиб, соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш каби мақсадлар қўйилган.

Шу ерда ички ишлар тизимида қўлланаётган замонавий техника ва анжомлар намойиш қилинди.

Видео