Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль келаси ҳафта Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради, дея хабар берди мамлакат президенти офисига таяниб, Yonhap агентлиги.

Юн Сок Ёль душанба куни мамлакат биринчи хоними Ким Кеон Хи ҳамроҳлигида олти кунлик сафарга чиқади ва 15 июнгача Марказий Осиёнинг учта давлатига ташриф буюради.

«Қадимий Ипак йўлининг маркази бўлган Марказий Осиё Европа ва Осиёни боғловчи стратегик нуқта саналади. Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги можаро каби омиллар таъсирида глобал поликризис (бир неча инқирознинг бир вақтда юз бериши) кенгайгани сари [унинг] стратегик аҳамияти янада ортиб бормоқда», — деди Жанубий Корея етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Ким Тэ Хе ташрифга изоҳ бериб.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея президенти билан учрашиб, унга давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф этганди.