Қашқадарё вилоятида фуқароларнинг эътирозлари асосида чиқинди билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўрганиш ўтказилди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, вилоятнинг 15 та туман-шаҳридаги 821 та маҳаллада 3 млн 482,3 минг аҳоли мавжуд. Санитар тозалаш корхоналари 762 та маҳалла (2 млн 533,04 минг аҳоли)га чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиб келади. Яъни бу хизматлар вилоятнинг 92,8 фоиз маҳалласи ёки 72,7 фоиз аҳолисини қамраб олган.

Бироқ аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилмагани, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича шартномалар хонадонлар билан эмас, маҳалла фуқаролар йиғини билан тузилган. Чиқинди топширмайдиган ва ҳеч ким яшамайдиган хонадонларга ҳам хизмат ҳақлари ҳисобланиши ҳамда чиқиндиларни 10−15 кунгача бўлган муддатда кечиктириб олиб кетилаётгани эътирозлар кўпайганини кўрсатган.

Ўрганиш давомида 2024 йилнинг 1-чорагидаги қарздорлик суммалари, чиқинди ташиш хизматларининг кўрсатилмаганлик вақтлари учун ҳисобланиб келинаётган суммалар таҳлил қилинган.

Ўрганиш натижаларига кўра, кўрсатилмаган хизматлар қисми учун номуайян доирадаги 351 153 та хонадонда яшовчи 1 452 276 нафар истеъмолчига жами 15 млрд 593 млн 340 минг 700 сўм қарздорлик ҳисобланган. Натижада 10 млрд 929 млн 445 минг 471 сўмлик маблағ қарздорлик ҳисобидан чиқарилиб, истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган.

Маълумот учун, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан — бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида — уч кунда бир маротабани ташкил қилиши белгиланган.

Қўмита тадбиркорлик субъектларига чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилишини, ҳар йили МФЙ билан биргаликда ўзларига бириктирилган ҳудудда хатлов ишларини ўтказишини ҳамда аҳоли сонига аниқлик киритиб бориши кераклигини эслатиб ўтди.