Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Яккасарой туманида қурилган сув спорти саройини кўздан кечирди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли мазкур мажмуа сув спорти мактаблари ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида қурилган, дейилади хабарда. Бу ерда ҳам профессионал спортчилар, ҳам ҳаваскорлар учун шароит яратилган.

50 метрлик бассейн ва 500 ўринли трибунага эга катта залда халқаро мусобақалар, терма жамоаларнинг машғулотларини юқори савияда ўтказиш мумкин. Баландликдан сакраш ва кичик ҳавзаларда болалар сув спортини ўрганади.

Мажмуа бир вақтнинг ўзида 100 нафар, бир кунда мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Иккинчи қаватда маъмурият ва мураббийлар хонаси, конференция зали, тренажёр хонаси ҳамда спорт шарҳловчилари учун махсус хоналар жойлашган.

Мажмуа негизида сув спорти мактаби ташкил этилди. Давлат раҳбари ёш спортчиларнинг машғулотларини кузатди.

Бу йил Париж шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидан 13 нафар спортчи лицензия қўлга киритган. Президент мазкур спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан тайёргарликнинг боришини муҳокама қилди.

«Шаҳару қишлоқларда спорт мажмуалари қуриб, уни оммалаштиришга катта эътибор беряпмиз. Чунки спорт билан шуғулланган ёшлар кам бўлмайди, соғлом бўлади, болалариниям шундай тарбиялайди. Сиздек профессионал спортчилар бу йўлда ёшларга ҳам ифтихор, ҳам ўрнак бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.