5 июнь куни Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала иштирокида «Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. ЖСТ бош директори анжумандаги чиқишида ташкилотга аъзо бўлиш учун кучли сиёсий ирода талаб қилинишини таъкидлади.

«Ҳеч бир давлат ЖСТга аъзоликни сиёсий иродасиз амалга ошира олмаган. Мен Ўзбекистон ҳукуматида кучли сиёсий иродани кўриб турибман. Тошкентга ташрифим чоғида мамлакат қонунчилигини ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш тўғрисидаги президент фармони эълон қилинди. Бу муҳим ҳужжатлардан ҳисобланади. Айтмоқчиманки, республиканинг бизнинг ташкилотга қўшилиш жараёни тўғри йўналишда кетмоқда», — дея Нгози Оконжо-Ивеаланинг сўзларидан иқтибос келтирди «Дарё».

«Куч-қувват ва жасоратни қадрлайман, бу — аъзоликка даъвогар давлатлар орасидан биринчи бўлиб ташриф буюришга Ўзбекистонни танлаганимнинг сабабидир. Ҳукуматга бу билан қўллов-қувватловимни кўрсатмоқчи бўлдим, сиз аъзолик жараёнларида дуч келаётган қийинчиликларни рақамлар тасдиқлаб турибди. Аъзолик жараёнлари қайта тикланганидан кейин 4 йил ўтди. 15 йиллик жараёнлардан кейин, охирги 18 ойда музокаралар жадаллашди», — дея унинг нутқидан иқтибос келтирган Kun.uz.

Ҳозирда ЖСТга аъзо бўлишга 22 та давлат номзодлик қилмоқда. ЖСТ директори ҳар бир давлатнинг аъзо бўлиш жараёни ўзига хос бўлса-да, уни муваффақиятли амалга ошириш учун қуйидаги 5 та асосий компонент зарурлигини таъкидлади:

  • кучли сиёсий ирода;
  • идоралараро мувофиқлаштиришнинг самарали механизми;
  • малакали бош музокарачи бошчилигидаги меҳнатсевар техник музокарачилар гуруҳи;
  • ҳамкорларнинг қимматли ёрдами;
  • амалий ҳаракатларнинг вақтларини белгиловчи йўл харитаси.

Нгози Оконжо-Ивеала бу компонентларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, биринчи омил сиёсий ирода саналади. ЖСТ директори ўн икки ой давомида Ўзбекистон президенти, президент ёрдамчиси ва бош вазирнинг икки ўринбосари, шунингдек, Женевада бош музокарачи ва элчилар билан учрашганини қайд этди.

«Уларнинг мессежи аниқ: ЖСТга аъзо бўлиш — ҳукуматнинг устувор йўналиши. Бу — қўшилиш жараёнини якунлаш учун энг муҳим таркибий қисм», — деди у.

Иккинчи омил аъзо давлатлар билан музокаралар саналади.

«Яхши фаолият юритаётган ички мувофиқлаштирувчи музокаралар аъзолик сифати ва изчиллигини белгилайди. Шу сабабли бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги бўйича комиссия раҳбари (Жамшид Ходжаев — таҳр.)нинг охирги 3 та ишчи гуруҳида доимий қатнашиши ЖСТ аъзоларининг ишончини оширишда муҳим бўлди», — деди Нгози Оконжо-Ивеала.

Учинчи омил бош музокарачи ва техник жамоанинг музокараларга киришиши ҳисобланади. ЖСТ бош директори жамоанинг музокараларини кузатганини ва йиғилиш катта иштиёқ билан қанчалик тез ташкил этилгани уни ҳайратда қолдирганини таъкидлади.

Тўртинчи омил ташкилот қоидалари жиҳатидан қўллаб турадиган ҳамкорлар экани айтилди. Техник таҳлиллар, ўқитиш ва икки томонлама ҳамкорларнинг бўлиши бу йўлда муҳим саналиши таъкидланди.

Бешинчи омил — йўл харитаси.

«У вақт жадвали ва ҳаракатларни ўзида акс эттириши керак. Сўнгги ишчи йиғилишда бош вазир ўринбосари Камерунда бўлиб ўтадиган навбатдаги 14-вазирлар конференциясигача, яъни 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиш мақсадини эълон қилди», — деди ЖСТ бош директори.

Нгози Оконжо-Ивеала кўпчилик бу мақсадни олқишласа, бошқалар Ўзбекистонни муддатдан кўра ҳаракатларга эътибор қаратишга ундаётганини таъкидлади.

«Менинг маслаҳатим шундаки, асосий эътиборни ўзингизнинг ҳаракатларингизга ва уларнинг моҳиятига қаратишингиз керак, шу билан бирга, сизда ҳаракатлар бўйича вақт графиги ва амалий қадамлар ҳам бўлиши зарур», — деди у.

Анжуманда ЖСТ бош директори, шунингдек, Тошкентга қўнишидан бир неча соат олдин Ўзбекистоннинг аъзолик жараёнини тезлаштириш бўйича президент фармони чиққанини эшитгани ва буни илиқ кутиб олиш деб баҳолаганини айтди.

«Ҳужжатда ЖСТ аъзоларини хавотирга соладиган бир қатор масалалар, хусусан, бир қанча соҳаларга, масалан, эксклюзив ҳуқуқларга эга давлат корхоналари, экспорт чекловлари, этил спирти, тамаки ва алкоголь импортига тақиқлар ҳамда экспорт субсидиялари кабиларни қамраб олади. Мен ҳукуматни аъзолар томонидан кўтарилган бошқа масалалар, масалан, экспорт ресурсларига эътибор қаратиш ва бу йўлдаги ишларни давом эттиришга ундайман», — деди у.

жаҳон савдо ташкилоти, жст, нгози оконжо-ивеала

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Анжуманда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси, президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Ўрунов, президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари иштирок этди.

жаҳон савдо ташкилоти, жст, нгози оконжо-ивеала

Тадбир аввалида сўзга чиққан Саида Мирзиёева ЖСТга аъзо бўлиш савдо эркинлиги ва иқтисодиёт ўсишга катта туртки беришини айтди.

«Охирги 14 ойда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича учта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Ҳозиргача 14 та мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди. Бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни осон эмас. Унга ҳеч бир мамлакат ҳақиқий ўзгаришлар қилмасдан киролмайди. Бир неча кун олдин президент Шавкат Мирзиёев қатор давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилувчи фармонни имзоладилар. Ушбу узоқ муддатли муаммо кўплаб давлат корхоналарига бозор иқтисодиётига ўтиш имконини бермади ва пировардида хусусий сектор учун тенг имкониятларни чеклаб келди», — дея президент ёрдамчисининг сўзларидан иқтибос келтирди «Дарё».

жаҳон савдо ташкилоти, жст, нгози оконжо-ивеала

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ЖСТга қўшилиш йўлида қатор соҳаларда ўзгаришлар амалга оширилаётганини қайд этди.

«Ҳукумат учун ЖСТга аъзо бўлиш — устувор масала. Ҳозирда божхона, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳаларида ўзгаришлар қилинмоқда. Шунингдек, импорт лицензияси, ошкоралик, савдо режимини либераллаштириш, солиқлар ва бошқа йўналишларга доир 26 та ҳужжат таржима қилиниб, ўзимизнинг тизимга киритяпмиз. Давлат улуши бор корхоналарни хусусийлаштириш бўйича 4 та қонун ишлаб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари, озиқ-овқат масаласида ҳам миллий қонунчиликни янгилаяпмиз», — деди у.

Президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломов эса 2030 йилгача Ўзбекистонда эришилиши кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

«Келгуси 7 йил ичида мамлакатда давлат корхоналари сонини 6 баробарга қисқартирилиб, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улуши 85 фоизга етказиш режалаштирилган. 2030 йилгача республикада камбағаллик даражасини 7 фоизгача пасайтириш кўзда тутилган. Мазкур муддат мобайнида экспорт улушини 45 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бунда тайёр маҳсулот улуши камида 3 баробарга оширилади. 2030 йилгача мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбалари жами ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 40 фоизига етиши кутилмоқда», — деди у.

жаҳон савдо ташкилоти, жст, нгози оконжо-ивеала