АҚШ Давлат департаменти «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун номи билан машҳур бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши муносабати билан ўнлаб Грузия фуқаролари учун виза чекловлари жорий этилганини эълон қилди.

«Виза чекловларининг биринчи рўйхатига [ҳукмрон] „Грузия орзуси“ партияси аъзолари, парламент аъзолари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва оддий фуқаролар киради», — деди Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер брифингда.

У санкция қўлланган шахсларнинг аниқ сонини очиқламади, аммо гап 20−30 киши ҳақида кетаётганига аниқлик киритди. Уларнинг исмлари ҳам ошкор этилмаган.

«Биз Грузия раҳбарлари ўз ҳаракатларини қайта кўриб чиқиши ва ўз мамлакатларининг узоқ вақтдан бери билдириладиган демократик ва евроатлантик интилишлари томон олдинга силжиш учун қадам ташлашига умид қиламиз, — дея қўшимча қилди Миллер. — Агар бундай қилишмаса, АҚШ қўшимча чоралар кўришга тайёр».

Тбилиси мэри ва «Грузия орзуси» бош котиби Каха Каладзе «ҳеч ким санкциялардан қўрқмаслигини» ва улар «Ватанга бўлган муносабатини ўзгартирмаслигини» айтди.

  • «Хорижий агентлар тўғрисида»ги машҳур қонун «Грузия орзуси» ташаббуси билан май ойининг ўрталарида Грузия парламенти томонидан қабул қилинганди. Ҳужжат мамлакатда оммавий норозиликлар келтириб чиқарган, шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқининг танқидига сабаб бўлган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйган, бироқ парламент кўпчилик овоз билан уни бекор қилишга муваффақ бўлганди.
  • Қонун молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган ННТ ва ОАВни «хорижий давлат манфаатларини илгари сурувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ ушбу ҳужжатни Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилигига ўхшашлиги учун «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб атамоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини йўққа чиқаришга уриниш ҳисобланади.
  • 23 май куни АҚШ Давлат департаменти ушбу қонуннинг қабул қилинишига жавобан Грузияга нисбатан виза чеклаш сиёсатини жорий қилаётганини эълон қилганди. Департамент баёнотида айтилишича, чекловлар Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлганлар ёки уларнинг шериклари ҳамда оила аъзоларига нисбатан қўлланади.
  • Айрим ЕИ давлатлари ҳам «хорижий агентлар тўғрисидаги» қонун туфайли Грузияга қарши санкциялар киритиш ҳақида ўйламоқда. Эҳтимолий вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), мақсадли санкциялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш бор.