Telegram асосчиси Павел Дуров каналида ёзда Марказий Осиёга боришни режалаштираётганини маълум қилди.

«Мен Telegram бош директори сифатида таътилга чиқмайман. Бунинг ўрнига, фойдаланувчиларимиз билан ноодатий манзилларда учрашиш орқали ишлашни давом эттираман. Бу ёзда мен Марказий Осиёга бориб, у ерда ҳаёт қандай эканини кўришга, одамлар Telegram`дан қандай фойдаланишини ва уларнинг рақамли эҳтиёжларини ўрганишга қарор қилдим», — деб ёзди у.

Павел Дуров қайси мамлакатларга қачон боришни режалаштираётганига аниқлик киритмади, бироқ у «кашфиётлари»ни Telegram`даги канали обуначилари билан улашишга ваъда берди.

Павел Дуров Дубайда яшайди, Россия, Франция, БАА, шунингдек, Сент-Китс ва Невис давлатлари фуқаролигига эга. У 15,5 миллиард доллар бойлик билан Forbes рейтингида 122-ўринни эгаллаб турибди.