Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси яқинидаги ерости кабелларида юзага келган ёнғин сабаб бир қанча давлат хизматларини кўрсатишда узилишлар кузатилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги ҳодиса сабабли Давлат хизматларида паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар бўлаётганини билдирди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт ва Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида узилишлар юзага келаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ Мигратция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг қуйидаги тизимларида узилишлар кузатилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳамда Ўзбекистон Республикасида доим яшовчи чет эл фуқароларига идентификация ID карта бериш;
  • фуқароларни ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек мамлакатимизда доимий яшовчи чет эл фуқароларини доим яшаш манзили бўйича рўйхатга олиш;
  • вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш манзили ҳамда вақтинча турган манзили бўйича рўйхатга олиш.

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» (фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш манзили юзасидан ЖШШИР ҳамда кадастр рақами орқали қидириш) веб-сервиси сервер қурилмаларида носозликлар кузатиляпти. Адлия вазирлиги шунинг учун нотариуслар томонидан кўчмас мулклар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда узилишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» компаниясининг соат 10:38 да чиқарган хабарига кўра, ҳодиса 35/10/6 кВли «Ўзбекистон» подстанциясидан чиқувчи кабель тармоғи шикастланиши сабаб юзага келган. Вужудга келган ҳолат бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган.

Айни пайтда Яккасарой туманининг Конституция ва Юнус Ражабий маҳаллалари ҳамда Миробод туманининг Абдулла Авлоний ва Ат-Термизий маҳаллаларидаги аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан узилган.