Евросиёнинг рақамли ривожланиши билан шуғулланувчи StrategEast ташкилоти Google компанияси билан ҳамкорликда 12 июнь куни Build with AI for Sustainable Growth мамлакатлараро лойиҳасини ишга туширди, деб хабар берди StrategEast «Газета.uz»га.
Дастурнинг ишга туширилиши 12−14 июнь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган CAMCA форуми доирасида 12 июнь куни эълон қилинди.
Бир неча ой давом этадиган дастур Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги дастурчиларни сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда барқарор ривожланиш муаммоларига ечим топиш учун бирлаштиради. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон ва Грузиянинг энг яхши ривожланиш гуруҳлари 2024 йилнинг кузида Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний ҳакатонда ўз лойиҳаларини тақдим этади.
StrategEast`дан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш лойиҳаси билан Google дастурини амалга оширишда ҳамкор ҳисобланади. Ташаббус минтақа ҳукуматлари билан келишилган ҳолда, уларнинг кўмагида амалга оширилади.
Google учун дастурни қўллаб-қувватлаш IT соҳаси мутахассисларини сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишга ўргатиш ишларининг бир қисмидир, дейилади хабарда. 2024 йил бошидан бери Google жамоаси Марказий Осиё ва Кавказнинг турли мамлакатларида 27 та семинар ва воркшоп ўтказди, уларда 900 та дастурчи иштирок этди.
Дастур доирасида Google ва StrategEast мутахассислари компаниянинг сунъий интеллектга асосланган воситаларидан фойдаланган ҳолда техник мутахассислар учун бир қатор ҳакатонлар ва семинарлар ўтказади. Дастур Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида барқарор ривожланиш муаммоларига ечим топишга қаратилган.
Дастурнинг якуний ҳакатонида иштирокчилар қуйидаги соҳаларда барқарор ривожланиш учун ўзларининг прототиплари ёки тайёр маҳсулотларини тақдим этади:
- ҳаво ва сув сифати;
- атроф-муҳит, саломатлик ва ҳаёт сифати;
- ерлар деградацияси, чўлланиш, турлар хилма-хиллигининг камайиши ва натижада ўрмонларнинг кесилиши;
- сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилиш — қуриб кетишдан ҳимоя қилиш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш.
«Google сунъий интеллект (СИ) технологияларидан фойдаланган ҳолда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш устида фаол ишламоқда. Биз яқинда „СИ-спринтерлар“ номли оқ китобни — ривожланаётган мамлакатлар ҳукуматлари учун СИнинг ривожланиш салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича тавсиялар тўпламини нашр қилдик. Бизнинг асосий тавсияларимиздан бири СИ саводхонлигини ривожлантириш ва маҳаллий СИ инновацияларини қўллаб-қувватлашга стратегик ёндашувдир. Build with AI for Sustainable Growth дастури ушбу муҳим мақсадга эришишга ҳисса қўшади, деб умид қиламиз», — деди Google`нинг Марказий Осиё ва Кавказдаги ҳукумат ва давлат сиёсати билан алоқалар раҳбари Ольга Скороходова.
Build with AI for Sustainable Growth Hackathon`да иштирок этиш учун ушбу линк орқали ариза топшириш мумкин. Ҳужжатлар 2024 йил 15 августгача қабул қилинади.
2023−2024 йилларда Google компанияси StrategEast, Қозоғистон Олий таълим ва фан вазирлиги ва Ўзбекистон рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда USAID`нинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш лойиҳаси кўмагида IT Hub лойиҳасини муваффақиятли амалга оширди. Унинг доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етакчи университетларидан 1500 дан ортиқ талабалар Google`дан сунъий интеллект, машина ўрганиш ва булутли технологиялар бўйича илғор курсларни ўтади.
StrategEast — халқаро молия институтлари, ривожланиш агентликлари, глобал технология компаниялари ва Евросиё ҳукуматлари билан ҳамкорликда Евросиё рақамли иқтисодиётини ривожлантириш бўйича иш олиб борувчи мустақил ташкилот. StrategEast нотижорат ташкилот бўлиб, АҚШ, Украина, Грузия, Қирғизистон ва Қозоғистонда ўз ваколатхоналарига эга.
Google for Developers — Google технологиялари билан ишлайдиган дастурчилар ва стартаплар ҳамжамиятидир. Ҳамжамият аъзолари тренинг ва сертификатлаш, маҳаллий ва халқаро учрашувлар ва Google конференцияларида қатнашиш имконига эга. Жамият Марказий Осиё ва Кавказ аҳолиси учун очиқ.