Ўзбекистонда кейинги йилларда президент ташаббуси билан бизнес ва тадбиркорликка катта эътибор берилмоқда. Чунки айнан тадбиркорлик аҳоли қатламини янги иш ўринлари билан таъминлаб, ижтимоий муаммолар кўламини қисқартираётган бўлса, мамлакатда яратилаётган ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш ҳисобига эса иқтисодий муаммоларга барҳам берилмоқда.

Ислоҳотларни жадал ривожлантириш ҳамда худудларда ижтимоий- иқтисодий муаммоларни манзилли бартараф этиш мақсадида 9000 дан ортиқ маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифалари этиб маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни «хонадонбай» ўрганиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш, маҳалладаги ишсизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш, ахолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишни йўлга қўйиш мақсадида субсидиялар олишига кўмаклашиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммолар тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилишини ташкил этиш белгиланган.

реклама

Натижада маҳаллабай ишлаш тизимли йўлга қўйилиб, аҳолини бизнес ва тадбиркорликка жалб қилиш ва уларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича шарт-шароитлар яратилиб, камбағаллик даражаси пасайиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда 181 минг нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган, ҳоким ёрдамчилари томонидан «маҳаллабай» микролойиҳалардан 51 мингтаси ишга туширилиб, 206 мингта иш ўринлари яратилган ҳамда 86 мингта юридик ва 98 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Тартибли амалга оширилган чора тадбирлар негизида 2022 йилдаги 14 фоиз камбағаллик даражаси 11 фоизга қисқартирилган.

Маҳаллабай ишлашни янада ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон президентининг 9 январдаги «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-7-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда бошқа ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ рўйхати шакллантирилди.

2024 йилнинг январь-февраль ойларида Олий мактаб ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкентда иқтисодий комплекс ташкилотларининг раҳбар ва ходимлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда аҳолига Ўзбекистон президентининг ПҚ-7-сон қарорининг мазмун-моҳияти, аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилиб, маҳаллалар кесимида ташвиқот ишлари олиб борилди.

реклама

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва бандлигини таъминлашда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш самарали ечимдир. Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиалларининг асосий вазифаларидан бири аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда ҳоким ёрдамчилари учун давр талабига мос равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳисобланади.

Олий мактабда ташкил этилаётган ўқув курсларининг бошқа таълим муассасаларидан фарқ қилувчи томони шундан иборатки, улар ўқитишнинг кўламидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, тингловчилар даражасини ҳисобга олган ва мантиқий кетма-кетликка тўлиқ риоя қилган ҳолда ташкил этилган. Жумладан: маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика даражасида ўқитиш ва малака ошириш йўлга қўйилган. Хусусан:

  • маҳалла (ҚФЙ) даражасида — маҳаллалаларда қисқа муддатли (1−2 кунлик) «Бизнесни бошлаш учун етти қадам» мавзусида семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилади. Ушбу семинарларда қатнашиб, кейинчалик тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқаролар «Тадбиркорлик асослари» ўқув курсларида таҳсил олиш учун таклиф этилади;
  • туман (шаҳар) даражасида — маҳаллаларда танлаб олинган ҳамда тадбиркорлик дастурлари орқали тижорат банкларидан узоқ ва қисқа муддатли имтиёзли кредит олишни мўлжаллаган аҳоли қатламлари учун «Тадбиркорлик асослари» курсларида ўқитиш изчил давом эттирилади;
  • вилоятлар даражасида — тадбиркорликни бошлаб, лекин зарур билим ва кўникмаларга муҳтожлик сезаётган ўзини-ўзи банд қилганлар ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар «Бизнесни ривожлантириш» курслари орқали чуқурлаштирилган ўқув курсларида ўқитилади;
  • республика даражасида — йирик хўжалик субъектларининг раҳбар ва ходимлари учун хўжалик субъектларини ташкил этиш, ривожлантириш, меҳнат ресурларини бошқариш, экспорт-импорт фаолиятини амалга ошириш, корхонанинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат бюджетига солиқлар ва солиқ функциясини бажарувчи мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқлигича тўлаб бориш билан боғлиқ бўлган кўникмаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўлган малака ошириш курслари ташкил этилади.

Ўқув жараёни ва малака оширишнинг бундай кетма-кетликда ташкил этилиши тадбиркорларнинг таълим ва таҳсил олишини мантиқ қоидалари асосида амалга оширилишига, ўз навбатида, молиявий маблағларни ва, энг асосийси, вақтни тежашга яқиндан ёрдам беради ва бермоқда.

Яқинда президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан «Сайхунобод тажрибаси» асосида республиканинг барча маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш йўллари белгилаб берилди.

Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ушбу тажрибани тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳоким ёрдамчиларида тадбиркорликнинг молиявий манбалари, бизнес менторлик моҳияти, маҳалланинг «ўсиш нуқта»ларини аниқлаш, бизнес режа ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида 2024 йилнинг 16 ва 17 май кунлари фаолиятини янгидан бошлаган (2023 йилда ишга қабул қилинган) 2239 нафар ҳоким ёрдамчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилгани худудларда бизнес ва тадбиркорликка бўлган кўникмаларни янада ривожлантириш билан бирга, камбағаллик даражасини пасайтиришга қулай имконият туғдиради.

Олий мактаб томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, тадбиркорлик ва бандлик тизимларида асосий бўғин бўлган аҳоли ва ҳоким ёрдамчилари учун ташкил этилаётган ўқув ва малака ошириш курслари аҳоли бандилигини таъминлаш ҳамда ҳудудларда тадбиркорликни янада ривожлантиришга замин яратиши режалаштирилган.

Телефон: (+998) 71−239−03−05.
Адрес: Миробод тумани, кўч. Миробод, 25.

Сайт: rgsbm.uz
Facebook: fb.com/rgsbm.uz
Instagram: @gsbe.uz
Telegram: t.me/rgsbm_uz

Реклама ҳуқуқлари асосида.