11 июнь куни Япония ҳукуматининг «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Бухоро вилояти Ромитан ва Пешку туман тиббиёт бирлашмаларига тиббиёт жиҳозлари топширилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Газета.uz»га хабар берди.
Ускуналарнинг умумий қиймати тахминан 182 минг долларни ташкил этади. Бу галги Япониянинг ҳамкорлиги орқали шифохоналар рентген диагностика ускунаси ва операция учун мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланиб, янада хавфсиз ва мос диагностика ҳамда операцияни амалга ошириш имконияти яратилди.
«Япония барча инсонлар ўз қадр-қимматини ҳис қилган ҳолда яшай оладиган жамият қуришни тарғиб қилувчи „Инсонлар хавфсизлигини таъминлаш“ тамойилига алоҳида аҳамият қаратади. Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли соғлиқни сақлаш хизматлари имкониятларини яхшилашга қаратилган ҳамкорликни давом эттирамиз», — дейилади Япония элчихонаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Япония Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига ўзбек тилидаги китоблар ва ўқув материаллари ишлаб чиқариш ва Брайль алифбосига таржима қилиш учун дастурий таъминот сифатида Брайл ёзувидаги принтерларни тақдим этганди.