Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси асосида парламент қуйи палатасига киритилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳаси «ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан» келиб чиқади, дейилади хабарда. Уни ишлаб чиқишда Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларусь, Хитой ва бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳисобга олинган.

Қонунга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартибини киритиш таклиф қилинмоқда.

Қуйидаги мазмундаги оммавий чиқишлар ёхуд ҳаракатлар қилиш номақбул деб эътироф этиш учун асос бўлиши мумкин:

  • Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид;
  • давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни келтириб чиқарувчи;
  • Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи.

Мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларга беш йил муддатга қуйидагиларни тақиқлаш таклиф этилмоқда:

  • Ўзбекистонга кириш;
  • Ўзбекистон банкларида ҳисобварақ очиш;
  • кўчмас мулк сотиб олиш;
  • давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш;
  • молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.

Ўзбекистонда вақтинча ёки доимий яшовчи шахснинг номақбул деб топилиши унинг мамлакатда қонуний яшаш ва бўлиш ҳуқуқининг бекор қилинишига ҳамда депортациясига олиб келиши мумкин.

Қонун лойиҳасида номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам белгилаб берилган. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигидан номақбул деб топилгани тўғрисида билдиришнома олган шахс 10 кун ичида Ўзбекистонни ихтиёрий равишда тарк этиши керак бўлади. Агар бу шарт бажарилмаса, шахс депортация қилинади, яъни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилади.

«Қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган», — дейилади хабарда.