Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори кетма-кет иккинчи ой ижобий динамикани кўрсатмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, апрель ойида сотувлар 11 фоизга, май ойида эса 9 фоизга ошган.

Марказ мутахассисларининг айтишича, бир оз секинлашувга қарамай, ижобий тенденциянинг давом этиши ушбу сегментдаги истеъмолчилар фаоллигининг барқарор жонланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, май ойида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўртача даражада ошди ва йиллик ўсиш 10 фоиздан ортиқни ташкил этди, бу иқтисодиётдаги умумий инфляция даражасига яқин ҳисобланади.

Май ойида 21,6 мингта уй-жой сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 9 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Шунга қарамай, уй-жой бозоридаги фаоллик 2023 йилнинг май ойига нисбатан 15,2 фоизга камайди. Жорий фаоллик даражаси ҳали ҳам бир йил олдинги даражадан паст бўлиб қолмоқда, бу эса талабни чекловчи доимий омилларни кўрсатмоқда, дея қайд этган ИТИМ.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИнфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Ҳудудлар кесимида уй-жой савдосининг энг катта ўсиши Самарқанд (қарийб 21 фоиз), Андижон (19,3 фоиз) ва Наманган вилоятларида (15 фоиз) кузатилди.

Тошкент уй-жой ижара бозори

Май ойида уй-жой ижара бозори апрель ойидаги пасайишга нисбатан мўътадиллашди. Пойтахтнинг аксарият туманларида сезиларли ўсиш қайд этилмади, 1,2 фоизни ташкил этди. Тошкентда уй-жой ижараси нархи бир квадрат метр учун 8,4 долларни ташкил этди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,5 доллар бўлиб турибди. Нисбатан арзон уй-жой ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, 2023 йилнинг май ойига нисбатан пойтахт ижара бозори 6,7 фоизга қисқарди.

Иккиламчи уй-жой бозори

Май ойида мамлакат бўйича иккиламчи уй-жой нархлари 1,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10,3 фоизга ошди (инфляция кўрсаткичларига яқин кўрсаткич).

Ўтган ойда мамлакатда иккиламчи уй-жойлар нархлари динамикаси ўртача ўсиш кўрсатди ва ўртача нархлар ўтган ойга нисбатан 1,3 фоизга ошди. Йиллик кўрсаткичларда нархларнинг сезиларли даражада (10,3 фоиз) ўсиши кузатилмоқда, кўрсаткич иқтисодиётдаги умумий инфляция даражасига яқинлашмоқда.

«Шундай қилиб, ойлик динамикасининг бир оз юмшатилишига қарамай, иккиламчи уй-жой нархларининг узоқ муддатли ўсиш тенденцияси давом этмоқда», — дея қайд этган марказ.

Ой давомида иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида қайд этилди, уларда нархлар ўртача 18,7 фоизга ошган.

Май ойида нархларнинг сезиларли даражада ошиши қайд этилган ҳудудлардаги вазиятдан фарқли ўлароқ, пойтахт иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ҳолати сезиларли ўзгаришларсиз сақланиб қолди ва ўсиш 1,1 фоизни ташкил этди. Бу ўтган ой кўрсаткичлари билан деярли бир хил. Йиллик кўрсаткичда (2023 йил май ойига нисбатан) пойтахтда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиши 11,1 фоизни ташкил этди.

иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, уй-жой бозори

Май ойида нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Учтепа туманларида қайд этилди. Нархларнинг энг юқори ўсишини кўрсатган ушбу учта ҳудуд учун ўртача ҳисобда иккиламчи уй-жой нархининг ўсиши 1,5 фоизни ташкил этди.