2024 йилда Samarkand Marathon халқаро хайрия пойгалари туркумига беш йил тўлади. Бу туркумдаги навбатдаги тадбир Sky Camp Bo‘stonliq 2024 тоғ фестивали бўлади, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.
Тоғли спорт фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қуйидагилар кутмоқда:
- Sky Camp BIKE — тоғ йўли велопойгаси, масофа 13,5 км, баландликка кўтарилиш 691 м;
- Sky Camp TRAIL — 619 ва 1238 м баландликдаги 10 км ва 20 км масофага югуриш;
- Sky Camp PEAK — Амирсой курортининг пастки бекатидан юқори бекатигача бўлган 4,2 км масофани 724 м баландликка кўтарилиш билан югуриш;
- Sky Camp ZEN — югуриш, йога ва медитация комбинацияси.
Sky Camp TRAIL Халқаро трейл югуриш уюшмасининг (ITRA) гувоҳномасига эга. Бу иштирокчилар ITRA балларини қўлга киритувчи Ўзбекистондаги илк йўналиш йўлаги ҳисобланади.
«Бу йил биз Sky Camp Bo‘stonliq тоғ спортлари фестивалини тиклаймиз. Жамоа фестиваль доирасида турли хил тадбирларни тайёрлади — трейл югуришдан тортиб, йога ва медитациягача… Биз Ўзбекистонда биринчи марта югуриш йўлини сертификатлаштирдик, энди югурувчилар ўз ютуқлари учун шахсий рейтингда балл олишлари мумкин бўлади», — деди Samarkand Marathon хайрия пойгалари туркуми куратори Мирхан Сагитов.
Икки кун давомида Sky Camp`да плоггинг ташкил этилади, бунга охирги ZAAMIN ULTRA 2024`да эътибор қаратилганди.
Иштирокчилар, шунингдек, Samarkand Marathon ҳамкорлари томонидан ташкил этиладиган кўнгилочар тадбирлар, мусиқа ва концертдан баҳраманд бўлади. Бу йил 29 июнь оқшомида бўлиб ўтадиган концертнинг ҳедлайнери Tesla Boy гуруҳи бўлади.
Sky Camp Bo‘stonliq учун сайтдаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Фестиваль ташкилотчиси — Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, ҳамкорлари — Спорт вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги.