1 июлдан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлар — «Насаф», «Шарқ», «Ўзбекистон» поездлари чипта нархларининг тариф қисми 25 фоизга оширилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Нархлар оширилиши «йўловчи поездларда қўшимча сервис хизматларини жорий этиш, уларни янада ривожлантириш, йўловчи вагон паркларини янгилаш, модернизация қилиш, янги электропоездларни харид қилиш, вокзалларни замон талабларига мослаштириш» билан изоҳланган.

Масалан, 12, 4-сонли Тошкент — Қарши йўналиши аввалги нархлари эконом — 150 600, бизнес 218 244 сўм бўлса, янги нархда эконом — 178 250, бизнес — 262 805 сўмни ташкил қилади, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 2024 йил 20 январдан маҳаллий поездлар билетлари нархи ошганди. Хусусан, «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тезюрар поездларининг чипталари нархи 20 фоизга кўтарилган.

15 майдан эса «Афросиёб» электропоездларининг чипталари нархи эконом класс учун 20 фоиз, бизнес класс учун 30 фоиз ва VIP класс учун 40 фоизга оширилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» нархлар ошишини электр-энергия, ёқилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш мақсади билан изоҳлаган.