13 июнь куни Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси Ким Гон Хи билан биргаликда Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда бош вазир матбуот хизмати.
Уларни Тошкент халқаро аэропортида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги расмийлар кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг президент турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида ўзлари учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди, дейилади хабарда.
Жанубий Корея президенти 15 июнгача давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Ташриф доирасида бир қатор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон-Корея стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, қўшма бизнес форуми ўтказиш режалаштирилган.
Юн Сок Ёль ташриф олдидан берган интервьюсида Ўзбекистонни минтақадаги «асосий ҳамкор» деб атади. У ўз давлати «ижтимоий, иқтисодий ва демократик ривожланишда яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этишини» айтиб, ташрифдан амалий натижалар кутаётганини билдирди.