Европа комиссияси (ЕК) июль ойидан бошлаб Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар учун импорт божларини оширишни режалаштираётганини эълон қилди.

ЕК Хитой электромобилларига нисбатан 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган субсидияга қарши текширув натижаларига кўра шундай қарорга келди.

«Комиссия вақтинчалик хулосага келдики, Хитойда аккумуляторли электр транспорт воситасининг (BEV) қиймат занжири адолатсиз субсидияланган, бу ЕИдаги BEV ишлаб чиқарувчиларга зарар етказиш хавфини туғдиради», — дейилади орган баёнотида.

Агар Хитой расмийлари билан музокаралар «самарали ечим»га олиб келмаса, 4 июлдан кафолат сифатида вақтинчалик компенсация божлари жорий этилади (шакл ҳар бир аъзо давлат божхона хизмати томонидан белгиланади), дея огоҳлантирди комиссия.

ЕК Хитойнинг учта ишлаб чиқарувчиси: BYD (17,4%), Geely (20%) ва SAIC (38,1%) учун жорий 10 фоиздан ташқари индивидуал божларни ҳам қўллашни режалаштирмоқда.

Хитойнинг терговда қатнашган, аммо танланмаган бошқа электромобиль ишлаб чиқарувчилари ўртача 21% бож тўлайди. ЕИда маҳсулот сотадиган ва терговда ҳамкорлик қилмайдиган барча бошқа хитойлик электромобиль ишлаб чиқарувчилар 38,1% қолдиқ божига тортилади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Линь Цзяннинг таъкидлашича, ЕИ тергови «протекционизмнинг одатий ҳолати» ҳисобланади, божлар эса Хитой ва ЕИ иқтисодий ҳамкорлигига ва глобал автомобиль ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг барқарорлигига зарар етказиши мумкин. Пекин, деди у, ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини «қатъий ҳимоя қилиш» учун барча зарур чораларни кўради.

Reuters агентлигининг қайд этишича, Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилари хитойлик рақобатчиларининг арзонроқ электромобиллари оқимига дуч келмоқда. ЕК ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг ЕИ бозоридаги улуши 2019 йилдаги 1 фоиздан 8 фоизга ошган ва 2025 йилда 15 фоизга етиши мумкин. Хитой электромобилларининг нархи одатда ЕИда ишлаб чиқарилган моделлардан 20 фоизга паст.

Хитой қандай жавоб бериши мумкин?

Апрель ойида Хитой, агар АҚШ ёки ЕИ Хитой товарларига экспорт божлари жорий қилса, мамлакатнинг савдо салоҳиятини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни қабул қилганди.

Хитой ҳукумати аллақачон француз коньяклари, Европа чўчқа гўшти маҳсулотлари ва бир қатор бошқа маҳсулотларга нисбатан антидемпинг текширувини бошлаган. Улар, шунингдек, глобал автомобиль даромадларининг 20 фоиздан кўпроғини Хитой бозоридан оладиган Volkswagen, БМW ва Mercedes компанияларининг Европадаги «люкс» автомобилларига тарифларга ҳам ишора қилди.