Ўзбекистонда йил бошидан бери камида 12 нафар шахс криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузган деб топилиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этилган ёки жаримага тортилган. Бу Олий суднинг суд қарорлари жойлаб бориладиган электрон платформасида акс этади.

Платформага йил бошидан бери биринчи марта ушбу модда (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155−4-моддаси) бўйича чиқарилган суд қарори 2024 йил 14 май куни жойланган. 13 июнгача бўлган муддатда умумий 12 та суд қарори чиқарилган. «Газета.uz» ушбу суд қарорларини ўрганиб чиқди.

Биринчи суд иши 14 май куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Унга кўра, Сурхондарё вилоятида 1995 йилда туғилган Э.Х. Binance платформасида 20 мартдан 26 апрелгача P2P-савдоси бўлими орқали ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз жами 125 маротаба криптовалютасини сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланган.

Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155−4-моддаси (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан айбли деб топиб, унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 255 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Қонунбузарлик содир этишда фойдаланган Samsung Galaxy A24 S смартфони мусодара қилинган.

Иккинчи суд иши 22 май куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Суд ҳужжатига кўра, Андижон вилоятида 2002 йилда туғилган М.Д. Telegram мессенжерида номаълум шахс унга ёзганини ва ундан криптовалюталарни сотиб олиб, бошқа шахсга сотганини, шундан фойда кўрганини маълум қилган. Айбланувчи бу иш ноқонуний эканидан кейинчалик хабар топганини айтган.

Суд унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Айбланувчидан қабул муассасаси фойдасига 510 минг сўм ундирилди ва қонунбузарлик содир этишда фойдаланган iPhone XS смартфони йўқ қилинган.

Учинчи суд иши ҳам 22 май куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Суд ҳужжатига кўра, Қашқадарё вилоятида 1995 йилда туғилган С.С. ҳам Telegram мессенжерида номаълум шахс унга ёзганини ва ундан криптовалюталарни сотиб олиб, бошқа шахсга сотганини, шундан фойда кўрганини маълум қилган.

Суд унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Айбланувчидан қабул муассасаси фойдасига 510 минг сўм ундирилди ва қонунбузарлик содир этишда фойдаланган Samsung Galaxy A10S смартфони тегишли тартибда йўқ қилинган.

Тўртинчи суд иши 24 май куни, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Суд ҳужжатида ёзилишича, Навоий вилоятида 2005 йилда туғилган Ҳ.Х. Binance платформасида 11 апрелдан 30 апрелгача ҳеч қандай тегишли
ҳужжатларсиз жами 25 маротаба криптовалютасини сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланган.

Суд унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 255 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Айбланувчининг Infinix NOTE30 Pro смартфони эса мусодара қилинган.

Бешинчи суд иши 4 июнь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида кўриб чиқилган. Унга кўра, Тошкент шаҳрида 1994 йилда туғилган М.А. iPhone 8 смартфони орқали Binance платформасида ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Суд унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 153 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Айбланувчининг iPhone 8 смартфони эса мусодара қилинган.

Олтинчи суд иши ҳам 4 июнь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида кўриб чиқилган. Ҳужжатга кўра, Тошкент вилоятида 1994 йилда туғилган М.У. ўзининг Рoco F3 смартфони орқали, Binance платформасидан турли хил аккаунтлардан фойдаланиб, жами 7924 АҚШ долларига тенг бўлган (барқарор коин) сотиб олган.

Суд унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Қамоқхона қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 255 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Айбланувчининг Рoco F3 смартфони эса мусодара қилинган.

Еттинчи суд иши 5 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳужжатига кўра, Қорақалпоғистонда 2003 йил туғилган М.М. @Farqiyoq67 аккаунти орқали Binance иловасидан фойдаланиб крипто-активлар олди-сотдиси билан шуғуллангани ва ва Telegram мессенжери орқали шахсларнинг паспорт маълумотларини сотгани аниқланган.

Суд қарорига кўра, айбланувчига нисбатан 6,8 млн сўм жарима жазоси тайинланган. Унинг Samsung Galaxy A24 смартфони тегишли тартибда йўқ қилинган.

Саккизинчи суд иши 6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судида кўриб чиқилган. Унга кўра, 1997 йил Самарқанд вилоятида туғилган У.О. Binance иловаси орқали криптовалюталарни Р2Р тизими билан USDT пул маблағларини ноқонуний равишда амалга оширгани аниқланган.

Суд унга нисбатан 6,8 млн сўм жарима жазоси тайинлаган. Қонунбузарлик содир этишда фойдаланган Хiaomi Mi 11 Lite смартфони мусодара қилинган.

Тўққизинчи суд иши 7 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида бўлиб ўтган. Унга кўра, 2000 йил Сурхондарё вилоятида туғилган И.Н. ҳолат бўйича айбини тан олиб, крипто-активни Telegram`да йиғгани, Notcoin крипто-активини 800 минг сўмга сотганини билдирди. Ўз навбатида, у бунинг ноқонуний эканини билмагани, оилада ягона боқувчи эканини айтиб, суддан енгиллик баришни сўради.

Суд унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Шунингдек, йигитга тегишли Galaxy A30 телефони ва банк пластик картаси тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

Ўнинчи суд иши 10 июнь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўриб чиқилган. Унга кўра, 2004 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Х.С. Binance платформасида «Миллий Бола» номи остида Samsung Galaxy Note 10 смартфонидан фойдаланиб ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Суд унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Унинг Samsung Galaxy Note 10 смартфони ва банк пластик картаси йўқ қилинган.

Ўн биринчи суд иши 12 июнь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Суд ҳужжатига кўра, 2004 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Д.Х. Binance платформасида Samsung Galaxy A 14 смартфонидан фойдаланиб ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Суд унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Қамоқхона қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 153 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Айбланувчининг Samsung Galaxy A14 смартфони эса мусодара қилинган.

Ўн иккинчи суд иши ҳам 12 июнь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида кўрилган. Унга кўра, 1999 йилда Навоий вилоятида туғилган М.Х. судда 2023 йил октябрь ойидан бошлаб Binance платформасида ўзининг номига расмийлаштирилган «MIKOLEMAR» аккaунтидан фойдаланиб крипто-активлар сотиб келгaнини, бунинг ноқонуний эканини билмаганини маълум қилиб, енгиллик беришни сўраган.

Суд унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Қамоқхона қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 510 минг сўм миқдоридаги пуллар ундирилган. Унинг LG Q-6 смартфони ва банк пластик картаси тегишли тартибда йўқ қилинган.

Маълумот учун, 155−4-модда (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга оширишни назарда тутади. Бу жавобгарлик 2024 йил бошида жорий қилинган эди.

Мазкур модда криптоактивларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу кодексга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.