Марказий банк хорижий валютадаги депозитлар бўйича мажбурий захиралаш меъёри 4 фоиз бандга пасайтирилиб, 14 фоиз даражасида белгиланганини маълум қилди.
Қайд этилишича, қарор банкларнинг ликвидлик ҳолатидан келиб чиқиб, кредитлар бўйича фоиз ставкаларини пасайтиришга шароит яратиш мақсадида қабул қилинган.
«2021 йилда депозитлар долларлашувини пасайтириш учун хорижий валютадаги депозитлар бўйича мажбурий захиралаш меъёри 18 фоизгача оширилган эди. Натижада депозитлар долларлашуви 2021 йил бошидаги 40 фоиздан 2024 йил 1 июнь ҳолатига 30 фоизгача ва кредитлар долларлашуви 47 фоиздан 42 фоизгача пасайди», — дея қайд этди регулятор.
Хорижий валютадаги депозитлар бўйича мажбурий захиралаш меъёрининг пасайтирилиши банкларга фоиз харажатлари босимини маълум даражада камайтириш имконини беради, дейилади хабарда.
Жорий ликвидлилик ҳолатидан келиб чиқиб тўловлар узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ўртачалаш коэффициенти 80 фоиздан 100 фоизга ошириш, бугунги кунда мажбурий захира ҳисобварағида мавжуд 3 трлн сўмлик маблағларни тижорат банкларига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ўзгартиришлар 2024 йил 1 июлдан амалиётга жорий этилади.
«Ўрта муддатли истиқболда хорижий валютадаги мажбуриятларга нисбатан захиралаш талабларини янада такомиллаштириш, жумладан, 2025−2030 йилларда мажбурий захиралаш базасини босқичма-босқич кенгайтириш ва унга мос равишда меъёрларни пасайтириб бориш чоралари кўрилади», — дея қайд этди Марказий банк.