Жаҳон банки Ўзбекистонга 7,5 млн доллар миқдорида грант маблағи ажратди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Маблағ Ўзбекистон президентининг 2023 йил 8 августдаги қарорига асосан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган «Энергетика ислоҳотлари учун инновацион ресурсларини қўллаш» (iCRAFT) лойиҳаси доирасида ажратилган.

Бу лойиҳанинг «Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси» (ERPA) компоненти доирасидаги ислоҳотларни, хусусан, энергия тарифлари ислоҳотининг аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига бўлган таъсирини юмшатиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган 1-транш маблағлари ҳисобланади.

1-транш маблағлари халқаро иссиқхона газлари савдоси симуляцияси сифатида Ўзбекистонга қайтариб бериладиган, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартирилгани учун ажратилган грант маблағлари саналади.

iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича дунёдаги биринчи глобал ташаббус бўлиб, ислоҳотлар натижасида иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришга ва халқаро бозорларда уларнинг бир қисми савдосини йўлга қўйишга қаратилган.

Ажратилган маблағлар президент қарорига мувофиқ республикани яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш, иссиқхона газларини чиқарилишини мониторинг қилиш (MRV) тизимини ташкил қилиш, янги ташкил этилган Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ва «Ўзэнергосотиш» АЖ фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек энергетика соҳасини тартибга солиш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш, қуёш панелларини ўрнатиб бериш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш каби чора-тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Президент қарорида iCRAFT лойиҳасининг «Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси» компоненти доирасида камайтирилган 1 тонна углерод эмиссияси бўйича келишилган нарх 15 долларни, «Оқибатларни юмшатиш натижаларини сотиб олиш шартномаси» компоненти доирасида камайтирилган 1 тонна углерод эмиссияси бўйича келишилган нарх 30 долларни ташкил этиши қайд этилган.