Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ҳудудларда ўтказилган тезкор тадбирларда Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратига ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 56 ва 58 ёшли ака-ука юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2 нафар фуқаронинг Ҳаж сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юборишни ваъда қилган. Эвазига 12 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

ҳаж сафари

Терговга қадар текширув давомида бу ишга Тошкент шаҳридаги сайёҳлик фирмасининг муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун 2 маротаба судланган ижрочи директори алоқадор экани аниқланган.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги сайёҳлик фирмаси ходими мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқарони ва онасини жорий мавсумда юбориш эвазига 15 минг доллар талаб қилган. Аммо у сўралган пул маблағидан 7 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, у мазкур ноқонуний ишни сайёҳлик фирмаси раҳбари билан келишган ҳолда амалга оширгани маълум бўлган.

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи 34 ёшли шахс ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни 8700 доллар эвазига Ҳаж зиёратига жўнатишини эълон қилган. Хусусан, Бувайда туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли фуқаро ва унинг 65 ёшли онасини Саудия Арабистонига юбориш эвазига 17 400 доллар талаб қилган. Лекин у сўралган пул маблағидан 10 минг долларини олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари эса Қўштепа туманида яшовчи фуқародан 14 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллари олган вақтида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.