Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13−15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Давлат раҳбари ўз ташрифидан олдин Ўзбекистон ТИВнинг «Дунё» ахборот агентлигига интервью берди.

Ўзбекистон ҳақида

…Мамлакатнинг юқори ўсиш салоҳиятига эга бозори, катта миқдордаги ишчи кучи ва геосиёсий аҳамияти уни халқаро компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритиш учун жуда жозибадор маконга айлантирмоқда. Мен келишдан олдин Тошкентни қуш парвози баландлигидан томоша қилиш имкониятига эга бўлдим ва Ўзбекистон нақадар изчил ривожланаётганини кўрдим.

Ўтган йили эълон қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, янги муваффақиятларга эришилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва хорижий компанияларни жалб этиш каби мақсадларни илгари суриб, миллий иқтисодиётни рағбатлантирмоқда. Шунингдек, жамият ҳаётида коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Бир пайтлар мутлақ қашшоқ мамлакат бўлган Корея Республикаси ташқи дунёга очилиш, иқтисодиётини либераллаштириш ва халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш орқали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришди. Ушбу тажрибага асосланиб, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда бундан кейин ҳам республикани ижтимоий-иқтисодий ва демократик ривожлантиришда мамлакатингиз билан алоҳида стратегик шерик сифатида яқиндан ҳамкорлик қилади. …Ўзбекистонда 172 минг корейс истиқомат қилмоқда, бу Марказий Осиёда яшаётган 300 минг корейс умумий сонининг энг катта кўрсаткичидир.

…Валюта сиёсатини либераллаштириш, божхона тўловларини камайтириш ва давлат корхоналарини таркибий ўзгартиришни ўз ичига олган бозорни либераллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар Ўзбекистон иқтисодиётини жонлантириш ва инвестициявий муҳитни яхшилашга ёрдам берди. Хусусан, ўтган йили тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 96,4 фоизга ўсиб, 7,68 миллиард долларга етди.

2019 йилда икки томонлама муносабатлар Марказий Осиёда ягона бўлган алоҳида стратегик шериклик мақомини олди ва ўтган йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 2,46 миллиард долларга етди.

Ташрифдан кўзланган режалар

Бугун дунё мураккаб глобал инқирозга юз тутаётган экан, мен бундай вазиятни ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада диверсификация қилиш ва чуқурлаштириш, жумладан, муҳим фойдали қазилмаларни етказиб бериш занжирини ривожлантириш учун имконият деб ҳисоблайман. Ушбу ташриф чоғида ҳукуматларимиз ва бизнес вакиллари ўртасидаги музокараларнинг амалий натижаларини кўришга умид қиламан.

Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, ташрифимдан бироз олдин бизнинг ҳукумат «Корея Республикаси — Марказий Осиё K SILK ROAD (R.O.A.D) ҳамкорлик ташаббуси»ни эълон қилди. Ушбу ташаббус мамлакатимиз ва Марказий Осиё ўртасидаги 30 йиллик муносабатлар тажрибасига асосланмоқда ва жадаллик билан ўзгариб бораётган халқаро вазиятга жавобан янги ҳамкорлик режасини тақдим этмоқда.

Ушбу ташаббус Корея Республикасининг минтақангизга қаратилган биринчи стратегияси бўлиб, Корея ва Марказий Осиёда эркинлик, тинчлик ва фаровонликни биргаликда барпо этиш мақсадида «ёнма-ён» (биргаликдаги йўл) ривожланиш, «саъй-ҳаракатларни бирлаштириш» (конвергенция) ҳамда «инновация ва ижодкорлик» (креативлик) тамойилларига асосланади.

Хусусан, у энергетика ва ресурслар соҳасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун тараққиётга йўналтирилган ҳамкорликни модернизация қилиш, келажакдаги фаровонлик йўлида шериклик алоқаларини ўрнатиш ва бунга эришиш учун ҳукуматлар, бизнес ва фуқаролар ўртасида уйғун ҳамкорлик тармоғини мустаҳкамлашга қаратилган.

Келгусида Корея Республикаси ҳукумати Марказий Осиёнинг бешта давлати билан Марказий Осиё стратегиясини амалга ошириш бўйича маслаҳатлашувлар ва яқин ҳамкорликни давом эттиради. Айни пайтда минтақадаги асосий ҳамкор ва биродар давлат бўлган Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва келажакка йўналтирилган ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев билан турли йўналишларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, иқлим ва атроф-муҳит, фан-техника, таълим каби соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни муҳокама қилишни режалаштирганмиз.

…Биз турли соҳаларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, муҳим фойдали қазилмалар, таъминот занжирлари, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат, таълим, рақамлаштириш, фан ва технологиялар, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтирамиз.

Шунингдек, Корея Республикаси билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашиши учун халқларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстликка асосланган гуманитар ва маданий алмашинувларни янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблайман…

Илм-фан йўналишида ҳамкорлик

…Бугун Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари биргаликда Ўзбекистонда кимёвий технологиялар марказини (UzCCT) яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу муассаса Корея кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти (KRICT) тажрибалари асосида мамлакатда кимёвий технологиялар соҳасидаги тадқиқотлар ва ишланмаларни назорат қилувчи илмий-тадқиқот маркази мақомига эга бўлади.

2023 йилдан буён 12 нафар ўзбекистонлик ёш магистрант ва докторант Корея фан ва технологиялар университети ҳамда Корея кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилган олий мактабда илғор технологиялар асосида таҳсил олмоқда. Бу ёшлар Ўзбекистондаги кимё-технология марказини бошқарадиган ва икки томонлама илмий-техникавий ҳамкорликка эга тадқиқотчиларнинг янги авлоди бўлиб етишади.

Бизнинг мамлакат Ўзбекистон билан илғор фан ва технологиялар, жумладан, АКТ, сунъий интеллект учун яримўтказгичлар соҳасида илмий-тадқиқот ва ишланмалар ҳамда гуманитар алмашинувлар йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда Марказий Осиёда инсониятни илмий ва технологик ютуқларга етакловчи юқори технологияли хаб барпо этиш ва XXI асрнинг инновацион Ипак йўлини яратишга умид қилмоқда.

Бундан ташқари, аминманки, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар даврида ҳар икки мамлакатнинг келажак авлодлари бир-бири билан турли ғоялар ва қадриятларни эркин алмашишлари мумкин бўлган ўзаро муштарак дунёда яшайдилар. Корея Республикаси ёшларимизнинг рақамлаштириш соҳасига мослашишига ёрдам бериш мақсадида рақамли таълимдаги инновацияларни фаол қўллаб-қувватлайди.

Мисол учун, биз 2025 йилдан бошлаб мактабларда қўлланиладиган миллий даражадаги «Сунъий интеллект билан рақамли дарслик» дастурини ишлаб чиққан дунёдаги биринчи мамлакат бўлдик. Бу ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб таълим олиш имконини яратади. Шунингдек, биз рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни ўқитиш учун ўқитувчиларнинг интенсив тайёргарлигига эътибор қаратяпмиз.

Корея Республикаси сунъий интеллект ва рақамли таълим соҳасида етакчи давлат сифатида Ўзбекистон билан истиқболда таълим жараёнларига интеграциялашган инновациялар ва рақамли таълим моделлари намуналари борасида ўртоқлашиш орқали ҳам ҳамкорлик қилади.