11 июнь куни «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ва яна 28 кишига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича биринчи инстанция суди жараёни бошланди. Унда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, жами 29 нафар судланувчи Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:

  • 112 (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
  • 165 (Товламачилик);
  • 168 (Фирибгарлик);
  • 182 (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш);
  • 227 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
  • 229 (Ўзбошимчалик);
  • 236 (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);
  • 237 (Ёлғон хабар бериш);
  • 238 (Ёлғон гувоҳлик бериш);
  • 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш);
  • 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
  • 277 (Безорилик);
  • 28,211 (Пора беришда иштирок).

саидазиз медгородок, саидазиз саидалиев, суд

Олий суднинг маълум қилишича, 28 нафар судланувчига нисбатан қамоққа олиш ва 1 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган. Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши доирасида 31 нафар жабрланувчи ва 130 нафар гувоҳ аниқланган.

Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида суд раиси Мурод Мирзажонов раислигида бошланган мажлисда дастлаб 29 нафар судланувчининг шахсига аниқлик киритилди.

Хусусан, Саидазиз Саидалиев судья ҳамда ўз адвокатининг шахсга оид саволларига жавоб бераркан, 1987 йил 24 майда Тошкент шаҳрида туғилгани, оилали экани, қарамоғида онаси, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган тўрт нафар фарзанди борлиги, муқаддам бир неча марта судланганини айтди. Шунингдек, қамоққа олингунга қадар қаерда ва қандай вазифада ишлагани ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарди.

«Тадбиркор бўлганман, кейин Қозоғистоннинг ММА яккакураш спорти бўйича [Тошкентда] ишончли вакили, раҳбариман. Қамалишимиздан 4−5 ой олдин Қозоғистон билан келишган ҳолда Ўзбекистонда катта турнир қилдим ва Ўзбекистон байроғини кўтардим, телевизорларга чиқиб, баландларга кўтардим. Қозоғистон билан келишиб, ўзим спорт мактаби очганман, ўша ерда раҳбарман. Камбағаллар, ҳамма қийналганларга зални бепул қилиб қўйганмиз. Бизнесимиздан [моддий] ёрдам бериб, уларни чет элга олиб чиқиб, мусобақалар ўтказиб, улар орқали байроқларни кўтариб, давлатга ёрдам бераётган эдик», — деди Саидазиз Саидалиев.

саидазиз медгородок, саидазиз саидалиев, суд

Суд жараёнида Саидалиевнинг адвокати бир қанча ҳолатлар бўйича ўз фикрларини билдириб, судлов ҳайъатига илтимоснома киритди.

«Ўз ҳимоя вазифамни амалга оширганимдан буён ҳимоям остидаги фуқаро Тошкент шаҳри ИИББнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. У инсонийлик юзасидан ювинишдан маҳрум, бир марта ҳам чўмилмади, ундан келаётган ҳидни тасаввур қилиш мумкинмас. Иккинчидан, унга нисбатан йўқловлар: кийим-кечаклар кирмаяпти, буни ноинсоний муносабатлар деб биламан. Ҳозир буларнинг қўлига кишан тақиб, сўроқ қилинаётганини ҳам маънавий-руҳий таъсир ўтказиш, деб биламан. Ҳурматли раислик қилувчи, ҳимоям остидаги шахснинг сақланиш жойини ажримга асосан Зангиота туманида жойлашган 1-сонли тергов ҳибсхонаси („Тоштурма“)га ўтказишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман», — деди у.

Шунингдек, бир қанча адвокатлар ҳам судланувчилар билан учраша олмаётганини, уларни пойтахт ИИББнинг вақтинча сақлаш ҳисбхонасидан «Тоштурма»га ўтказишни илтимос қилди. Бошқа адвокатлар ҳам сўровни қўллаб-қувватлаб, бу умумий талаб сифатида қабул қилинишини сўради. Судья мазкур ҳолат ўрганиб чиқилишини қайд этди.

Суд 14 июнь соат 10:00 га қадар танаффус эълон қилди.