Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, C5+UK саммитини ўтказиш эҳтимоли ва давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминлашда статистик маълумотларнинг ўрни ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди. У Тошкентда ташкил этилиши режалаштирилган халқаро тижорат судининг мустақиллигини таъминлаш муҳимлигини қайд этиб, «Буюк Британиянинг мақсади минтақадаги давлатлар ҳаётини мураккаблаштириш эмас, уларга фақат ёрдам бериш» эканлигини эслатди. Шунингдек, у одамларга ўзини кўрсатиш учун етарлича вақт бериш кераклигини таъкидлади ва меҳмонлар учун мамлакатни тушунишда ўзбек тилининг аҳамияти ҳақида гапирди.
Видео
Матн (қисқартирилган ҳолда)
— Апрель ойида Буюк Британия ташқи ишлар вазири лорд Дэвид Кэмерон барча Марказий Осиё давлатлари ҳамда Мўғулистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон учун бу 1997 йилдан кейинги даврда бундай юксак даражадаги биринчи ташриф бўлди. Ташриф олдидан у «Марказий Осиё биз дуч келаётган энг йирик муаммоларнинг марказида» дея таъкидлаган эди. Булар қандай муаммолар?
— Лорд Кэмероннинг ташрифи бир қатор муҳим амалий натижаларга қаратилди ҳамда чинакамига рамзий ва тарихий бўлди. 27 йил — ташқи ишлар вазирлари ташрифлари орасида жуда узоқ муддат.
Муаммолар ҳақида гап кетганда, сизнинг географиянгиз мураккаб. Геосиёсатингиз мураккаб. Ўзбекистоннинг, Марказий Осиёнинг жойлашувига эътибор қилинса, чегараларингиз билан боғлиқ жуда жиддий халқаро муаммолар мавжуд. [Бир томонда] Афғонистон, шимолда Россия, жанубий-шарқда Хитой. Эрон яқин. Денгизга чиқиш учун иккита давлатни босиб ўтишингиз керак. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар чуқурлашмоқда. Аҳолингиз юқори суръатлар билан ўсиб бормоқда, бу кўп жиҳатдан афзаллик, шунга қарамай, айни пайтда иқтисодий ривожланиш, ўз-ўзингизни таъминлаш нуқтаи назаридан муаммоларни келтириб чиқаради.
Булар жиддий муаммолар. Ва бу муаммоларнинг айримлари умумий характерга эга, хусусан, қоидаларга асосланган халқаро тизим билан, БМТ низомига риоя қилиш билан боғлиқ, иқлим ўзгариши, иқтисодий ривожланиш ва ўсиш билан боғлиқ [умумий муаммолар]. Президентнинг ислоҳот дастури бўйича ёрдам беришимиз мумкин бўлган соҳалар мавжуд, биргаликда қилишимиз мумкин бўлган ишлар талайгина.
— Буюк Британия парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси ўз ҳисоботида «Марказий Осиёнинг 5 та давлатиаксарият ҳолларда Буюк Британия сиёсатчилари эътибордан четда қолмоқда», дея таъкидлаб, минтақа билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирди. Ташқи ишлар вазирининг ташрифи ҳам, эҳтимол, ана шу мунозаралар натижасидир. Буюк Британиянинг Марказий Осиё минтақасига қизиқиши ортиб бораётганига нима сабаб бўлмоқда? Бу фақат Россиянинг Украинадаги уруши билан боғлиқми ёки бошқа объектив сабаблари борми?
— Ташқи ишлар вазири Марказий Осиёга ташриф масаласини кўриб чиққанида, биз ўз маслаҳатларимизни бердик. Ва бу савдо вазири, Қуролли кучлар вазири Жеймс Хиппи, минтақа бўйича вазир Докертининг ташрифлари ортидан юз берди. Вазирлар ташрифлари сони ортиб борди ва бу жараён табиий равишда шу даражага етди. Чунки аввал айтганимиздек, Марказий Осиё — муҳим минтақа.
Биз вазирлик раҳбариятига берган маслаҳатлардан бири — президентнинг ислоҳотлар дастури билан танишиш эди. 2016 йил охирида мамлакатда вазият қандай бўлгани, ҳозир қандай эканлигига қаранг. Мамлакатингиз ҳозир динамик тарзда ўсиб бормоқда. Ислоҳотларнинг бориши ҳайратланарли ва жадал.
Шунингдек, ўсиш билан боғлиқ оғриқли масалалар бор. Шу нуқтаи назардан, Британия сизга қандай соҳаларда ёрдам бериши мумкинлигини билишни истардик: иқтисодий ўсишни сақлаб қолишингиз учун, адолатлироқ жамият қуришингиз учун, иқлим ўзгариши, аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий яхлитлигингиз, суверенитетингиз ва мустақиллигингизни қўллаб-қувватлашда ўз тажрибамиздан қандай фойдаланишимиз мумкин?
Қолаверса, сиз орқали Афғонистондаги вазиятни ўрганиш имконига эгамиз. У ерда янада барқарор ва адолатлироқ жамият қуришга кўмаклашиш учун ҳамкорликда нима қилишимиз мумкин? Минтақадаги бошқа таъсир доираларичи? Улар ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига, демократия ва барқарорлигингизга путур етказмаслиги учун қандай ёрдам беришимиз мумкин.
— Парламент ҳисоботига кўра, 2024 йилда C5 + Буюк Британия учрашувини ўтказиш тавсия этилади, ушбу бўлажак кўп томонлама учрашув ҳақида, формат ёки эҳтимолий саналар бўйича тафсилотлар билан ўртоқлаша оласизми?
— Биз Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг ушбу форматга муносабатини жуда яхши биламиз. Бу формат сиз учун қулай бўлса, бу биз учун ҳам қизиқ. Лорд Кэмеронга ҳам CА5+1 формати сиз ва Марказий Осиёнинг қолган тўртта давлати учун мос келишини айтишган. Шундай экан, биз буни инобатга олдик. Ташқи ишлар вазирига бу фикр маъқул келди. Ҳозир сизга тақдим этиладиган таклифларимиз устида ишламоқдамиз.
— Демак, бу учрашув бўлади. Бироқ, ҳозирча музокаралар кетмоқда?
— Бизга ушбу формат устида кўпроқ иш олиб боришни тавсия қилишди. Шу билан бирга, ҳукуматингиз ва минтақадаги бошқа ҳукуматлардан сизлар учун нима ва қачон тўғри келишини аниқлашимиз керак. Шундай экан, келгуси бир неча ой ичида бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
— Парламент ҳисоботида қайта тикланадиган энергия Буюк Британия ва минтақа давлатлари ўртасидаги асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиши кераклиги қайд этилган. Бу нима учун муҳим?
— Иқлим ўзгариши масалаларининг аҳамияти ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Бу биз ҳаммамиз тўқнаш келаётган муаммо. Бу ерга келишдан олдин Буюк Британиядаги университетларда, жумладан, Кэмбриж Кавендиш лабораториясида ўзбек академиклари билан учрашдим. Улар менга Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинлари 50 даражагача бўлган ҳароратда жон сақлашига тўғри келса, қандай чора кўриш мумкинлиги устида ишлаётганларини айтишди. Бу ниҳоятда қийин.
Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, озиқлантириш усулларини қўллашда, нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки халқаро бозорларга чиқишда, технология ва тадқиқотларингиз тобора исиб бораётган дунёга мослашишда ёрдам беришида фойдаланиш учун энг яхши тадқиқотларимизни баҳам кўришга тайёрмиз. Дунёда ўртача ҳарорат даражаси тобора ортиб бораётгани барчамизнинг хавфсизлигимизга таҳдид солади. Иқлим ўзгариши фақат озиқ-овқат, сув таъминоти масалалари дегани эмас. Бу минтақалар ўртасидаги зиддиятни ҳам ўз ичига олади.
Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери мен, менинг ҳукуматим, бу [ҳодиса] Марказий Осиёни 2016 йилгача сира кузатилмаган тарзда бирлаштирганидан ҳайратда қолдик. Эндиликда Марказий Осиё формати чинакам ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик руҳига асосланади. Буни умумий сув ресурслари, умумий энергия ресурслари тақозо қилади ва уларни кескинлик манбаи эмас, балки ҳамкорлик манбаига айлантириш талаб этилади.
Биз бу борада қандай ёрдам беришимиз мумкинлиги устида бош қотирмоқдамиз. Хусусан, ташқи ишлар вазирининг ташрифи доирасида айрим баёнотлар берилди. Ва улардан бири яшил технологиялар ва яшил ўсиш бўйича инклюзив ўсиш жамғармаси тузилиши эди.
— Инвестиция муҳити Марказий Осиёда такомиллаштирилиши керак бўлган соҳалардан бири ҳисобланади. Минтақавий савдо инфратузилмасини такомиллаштириш ва минтақавий савдо сиёсати Марказий Осиё давлатларини интеграция нуқтаи назаридан қандай қўллаб-қувватлаши мумкин, хусусан, Ўзбекистонга инвестиция муҳитини яхшилашга қандай ёрдам бериши мумкин. Бунда Буюк Британия қандай рол ўйнаши мумкин?
— Ташқи ишлар вазирларимиз учрашуви доирасида ўзаро боғлиқлик ва мамлакатларимизнинг инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. «Самарқанд-Тошкент» иккинчи тезюрар темирйўли ҳақида муҳокамалар кетмоқда. Пуллик йўллар, минтақа миқёсидаги халқаро аэропортлар бўйича ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.
Иқтисодиётингиз ўсиб бормоқда, бу йилги прогноз 6 фоиздан зиёдни ташкил этади. Ҳақиқатан ҳайратомуз. Ҳар йили юз минглаб, 1 миллионга яқин 18 ёшли ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Уларга иш, бандлик керак. Бунинг учун иқтисодиётингиз анъанавий совет моделига таянолмайди. Иқтисодиётингизни модернизация қилишингиз лозим ва бу борада катта қадамлар қўйяпсиз: рақамлаштириш, электрон тижорат, финтех ҳамда қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати соҳаларини кенгайтириш. Биз кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш йўналишларида сизларни қўллаб-қувватлашимиз мумкин.
Ва буларнинг барчаси иқтисодий ислоҳотлар дастурига бориб тақалади. Бизда «Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув» дастури мавжуд бўлиб, дастур доирасида Жаҳон банки воситасида ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда иқтисодий ўсишни такомиллаштириш учун таҳлил ва маълумотларга эга бўлишингизга кўмаклашамиз. Улар орқали сизга аслида қандай сиёсат зарурлиги, хусусий сектор билан қандай ишлаш кераклигини билиб олишингиз мумкин.
Хусусий сектор ҳақида гап кетса, Буюк Британия Лондон молиявий бозорларига кириш, капитал бозорларига кириш ҳамда бизнес ва савдодаги ҳамкорликларни йўлга қўйишда ёрдам бериши мумкин. Бу, иқтисодий тараққиёт, мустақиллик ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлаш, келажак авлод учун барқарорлик ва иш ўринларини таъминлашнинг калитидир. Бу биз учун инвестициялар нуқтаи назаридан ютуқ, иқтисодиётингизни чинакамига мустаҳкамлаш учун маблағ, тажриба ва молиялаштиришга эга бўлиш нуқтаи назаридан сиз учун ҳам ютуқ.
— Маълумотлар ва таҳлиллар борасидаги ташаббус ҳақида айтганларингизга тўхталсак. Сиёсат маълумотлар ва таҳлилларга асосланиши нима учун муҳим?
— Агар аҳоли сонини билмасангиз, аҳоли жон бошига ЯИМ қанча эканлигини қандай айта оласиз? Ҳар бир хонадон кунига қанча ҳажмда, қанча вақт сув олишини билмасангиз, бу билан боғлиқ вазият яхшиланганми ёки йўқ, қандай айта оласиз? Ҳар йили қанча бола мактабга чиқаётгани ёки уни тамомлаётганини билмасангиз, қанча мактаб қуриш кераклигини қаердан биласиз?
Буни режалаштириш учун йиллар керак: келажак учун қандай иш ўринларини яратиш керак? Ёки инвестиция киритаётган бўлсангиз, айтайлик, фақат пахтага инвестиция киритсангиз, жаҳон бозорида пахтага бўлган талаб, мисга қандай талаб борлигини билишингиз керак. Сиз ривожлантираётган электрон тижорат кўникмалари, сиз яратаётган хизмат кўрсатиш соҳасига бўлган талаб қандай? Талаб келгусида қандай бўлади? Сизда мослашиш учун режалар бўлиши керак.
Бу ҳукумат фаолияти самарадорлиги нуқтаи назаридан жуда муҳим. Лорд Кэмерон бош вазир бўлган вақтида маълумотларга катта эътибор қаратган. Тони Блэр бош вазир бўлган вақтида марказий ҳукумат аҳоли тўғрисидаги асосий маълумотларни тушунишини таъминлашга қаратилган Delivery Unit (Натижаларга эришиш Офислари) моделларини яратди. Бундан кўзланган мақсад — давлат сиёсати ҳақиқатда ушбу маълумотларга асосланишини таъминлаш эди.
Исталган мамлакатда, ҳозирда сизнинг мамлакатингизда ғоятда муҳим ҳисобланган учта устувор соҳа — соғлиқни сақлаш, ичимлик суви таъминоти ва таълимни такомиллаштиришни истаган тақдирингизда, мамлакат фуқароларига эришилган натижаларни етказиб бериш учун маълумотларга асосланган сиёсат зарур.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳузурида Delivery Unit фаолият олиб бормоқда.
Келинг, энди икки томонлама муносабатларга тўхталамиз. Ўзбекистонга ташрифи чоғида жаноб Кэмерон «Биз ҳамкорлар ўртасида танлов қилишни сўрамаймиз», деди. Сиз ҳам минтақа давлатларининг мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини қайд этиб ўтдингиз. Буюк Британия Ўзбекистон ва минтақа давлатларига уларнинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш учун нима таклиф қилиши мумкин?
— Шахсан ўзим демократман. Британия эса БМТ низоми ва қоидаларга асосланган халқаро тизимга риоя қилувчи БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси. Халқаро тартиб ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва мустақилликка асосланади. Биз қандайдир кучлар бу қадриятларга қарши чиқаётганини кўрсак, буни ҳаммамиз учун, дунёдаги барча демократик давлатлар учун таҳдид сифатида баҳолаймиз. Ҳамда Украина ва 1939 йилги Польша мисолида гувоҳи бўлганингиздек, уларни қўллаб-қувватлаймиз. Бундай воқеаларни бир четда қўл қовуштириб, томоша қилиб туролмаймиз. Биз адолатлироқ, янада инклюзив дунёни қўллаб-қувватлаймиз.
Ва бирон тажовузкор суверен мамлакатлардан бу ҳуқуқларини тортиб олишга уринаётганига гувоҳ бўлсак, биз улар билан ёнма-ён турамиз ва уларга дўст эканлигимизни кўрсатамиз, албатта улар [дўстлик] хоҳласалар. Биз сизнинг ҳаётингизни мураккаблаштирмоқчи эмасмиз. Ўз манфаатларингизга нима мос келиши, қўшниларингиз билан қандай ишлашингиз кераклиги ва ташқи таъсирларни ўзингиз ҳаммадан яхши биласиз. Бироқ, биз ёрдам таклиф қилиш учун шу ердамиз. Ҳаётингизни мураккаблаштириш учун эмас. Агар бирон хатти-ҳаракатимиз ҳаётингизни қийинлаштирса, айтинг, бизнинг мақсадимиз бу эмас.
Амалда иқтисодиётингиз ўсишини истасангиз, биз билан ҳамкорлик қилинг. Бизда давлат бошқарувида Delivery Unit сингари баҳам кўришимиз мумкин бўлган тажрибаси бор. Бизнесга келсак, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича имкониятлар ва тажриба юқори даражада.
Таълим — ёрдам таклиф қилишимиз мумкин бўлган асосий соҳалардан бири, бу хоҳ инглиз тили бўлсин, хоҳ трансмиллий таълим. Буюк Британиянинг 11 та университети мамлакатда трансмиллий таълим муассасаларига эга. Яна тўрттаси онлайн таълимни йўлга қўйиш истагида ва бошқалари энди кўриб чиқмоқда. Бу фуқароларингиз Буюк Британияда таҳсил олиши мумкинлиги нуқтаи назаридан улкан имконият, Буюк Британияда таҳсил олиш истагида бўлганлар учун ҳеч қандай виза чекловлари мавжуд эмас. Бу қимматлик қилган тақдирда, сиз шу ерда — Ўзбекистонда ҳам Британия таълим дастурлари асосида ўқиш имконига эгасиз. Биз ўз билимларимизни баҳам кўришимиз ва сиздан ўрганишимиз мумкин.
Биз муаммолар ва ҳамкорлар ўртасида танлов қилишни сўрамаслик ҳақида гапирганимизда, мамлакатингиз ҳозир маълум бир йўлда эканини жуда яхши тушунаман. Менинг мамлакатим ҳам шундай. Биз ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган кўплаб соҳалар, умумий муаммолар мавжуд: иқлим ўзгариши, таълим, аёллар ва қизлар таълими, иқтисодий тараққиёт, сунъий интеллект, савдо. Бироқ, шу билан бирга, мустақил ҳаракат қилиш имкониятларимизни чеклашга уринаётган кучлар ҳам мавжуд. Мустақиллигингизни мустаҳкамлашга ёрдам бера олсак, жуда соз бўлар эди.
— Президент Мирзиёев яқинда қилган нутқида Ўзбекистон Буюк Британия билан муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳужжатларни имзолаш бўйича фаол иш олиб бораётганини таъкидлади. Бу қандай турдаги ҳамкорлик бўлади: қазиб олиш ёки савдо, қандай турдаги муҳим хомашё соҳасида?
— Бу ерда фаолият юритган вақтимда Ўзбекистоннинг ҳам хусусий, ҳам давлат секторида илғор жаҳон тажрибаси ортидан бораётгани менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Масалан, рақамли парклар ташкил қилгансиз, таълимга, ҳатто тоғ-чанғи курортларига билим ва тажриба олиб кирасиз, хориждан энг яхши мутахассисларни жалб қиласиз.
Муҳим фойдали қазилмаларга келсак, биз президент Мирзиёев ҳукумати ва бутун Ўзбекистон ҳукумати учун ишлайдиган моделни, яқинда Европа Иттифоқи билан имзоланган моделни кўриб чиқмоқдамиз. Шунга ўхшаш модел асосида ишлашга интиламиз. Бу тажриба алмашиш, қазиб олишда потенцал ёрдам, бозорга кириш, ушбу турдаги келишувдан кутиш мумкин бўлган барча нарсани ўз ичига олади. Ҳукуматларимиз ва хусусий сектор ўртасида якуний келишувларга эришилиши кутилмоқда.
— 2024 йил февралида Sky News нашри Британия компаниялари томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия ва Арманистонга товарлар, жумладан, дронлар ва оғир техникалар учун ускуналар жўнатилаётгани, кейинчалик улар Россияга олиб кетилаётгани ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистондаги Mvizion каби баъзи компанияларга нисбатан санкция киритилганидан хабардормиз. Ҳар икки давлат расмийлари санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун яна қандай чоралар кўрмоқда?
— Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда ишлаш жараёнида кузатилаётган ҳамкорлик руҳидан ғоятда мамнун. Бироқ, бу ҳар доим ҳам осон эмас. Ҳар сафар компанияга нисбатан санкция киритиш йўлини топганимизда, янги компания пайдо бўлиши мумкин. У бир неча кун фаолият олиб боради-да, йўқолиб қолади. Бу мураккаб муҳит эканлигини яхши тушунамиз.
Бироқ, шу билан бир вақтда, бу ерда эмас, минтақанинг бошқа бир давлатида, мамлакатдаги импорт қилинган идиш ювиш машиналари сони ҳар бир хонадон хўжалигига тўрттаданни ташкил қилади. Яъни, нимадир нотўғри эканига жуда аниқ ишора қиладиган аномалияларга гувоҳ бўляпмиз. Ва бу Украинадаги урушдан кейин бошланди.
Февраль ойи ўрталарида Британия юридик фирмасини таклиф қилиб, Ўзбекистон давлат хизматчилари ва ҳукуматини ҳуқуқий асослар, санкцияга учраган компанияларни кузатиш бўйича кўрилиши мумкин бўлган чора-тадбирлар, санкция қўлланган товарлар ва биргаликда ишлаш бўйича ўқитдик. Унинг эртасига эса шунга ўхшаш билимларни хусусий секторга тақдим этдик.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг юқори мартабали расмийлари ҳукумат билан тараққиёт, биргаликда ишлаш, қўллаб-қувватлашнинг янги соҳалари ва муаммолар ҳақида музокаралар ўтказиш мақсадида бу ерда бўлишди. Ушбу ҳамкорлик мустаҳкам ва яхши ишлаб келмоқда.
— Хусусий сектор вакиллари учун тренинглар ўзлари билмаган ҳолда санкцияларни четлаб ўтиш жараёнининг иштирокчисига айланиб қолмасликларини таъминлаш мақсадида ўтказилдими?
— Худди шундай. Улар нима қилишлари мумкин, нималарга эътибор қаратиш керак, қоидалар қандай. Чунки бу қийин эканлигини тушунамиз.
Бизнинг асосий вазифамиз — биз юборган ёки қабул қилган ҳеч нарса фронтнинг олдинги сафларида пайдо бўлиб қолмаслиги ва охир-оқибат украиналикларни ўлдирмаслигига ишонч ҳосил қилишдан иборат. Бу босқинчилик ва тажовузкорлик уруши, бу нотўғри. Биз эса Украина суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган ҳамма нарсани қиламиз. Санкциялар ана шу йўналишдаги ишларнинг катта қисмидир.
— Сўнгги вақтларда Буюк Британия минтақа учун мавсумий ишчилар схемаси ишга туширилгандан сўнг марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун энг оммалашган йўналишлардан бирига айланди. Биз бандлик операторлари меҳнат муҳожирларини нафақат мавсумий ишларга, балки ҳамширалар ёки ҳайдовчилар сингари касбларга ҳам жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабарларни кўряпмиз. Айни пайтда Буюк Британияда мавсумий ишларда қанча ўзбекистонлик ишлаётгани ҳақида маълумот борми?
— Бу ерда минглаб муҳожирлар ҳақида гап кетяпти. Бу бошқа мамлакатлардагидек йирик рақамлар эмас, бироқ биз буни жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Ўтган йили ўзбекистонлик ва марказий осиёлик мавсумий ишчилар қишлоқ хўжалигидаги ишчиларнинг асосий қисмини ташкил этди. Бу йил тахминан 4000 киши жалб қилиниши кутилмоқда. Бироқ, хусусий секторнинг эҳтиёжларига қараб, Буюк Британиядаги фермер хўжаликлари кўпроқ ишчиларга эҳтиёж сезса, сонини оширишимиз мумкин.
Ушбу дастурда иштирок этишни ўйлаётганлар учун айрим нарсаларни етказишни истардим. Биринчидан, хуш келибсиз, сизни у ерда кўришни жуда хоҳлаймиз. Бироқ, биз мавсумий ишларга жалб қилинган ҳар бир киши, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари муносиб ҳимояланганлигига ишонч ҳосил қилишни истаймиз. Шунинг учун, илтимос, виза олиш учун фақат ҳукумат расмий каналларидан фойдаланинг. Учинчи шахслар хизматларидан фойдаланманг, чунки пул тўламаслигингиз керак бўлгани ҳолда сиздан қўшимча пул талаб қиладиган виждонсиз кимсалар мавжуд. Фойдаланишингиз керак бўлган расмий манбалар мавжуд, учинчи шахслар эмас.
Кенгроқ дастурларга келадиган бўлсак, нима қилишимиз мумкинлигини диққат билан ўрганмоқдамиз. Ва сиз айтганингиздек, ҳамширалар ва шифокорларни жалб қилишда маъно бор. Бироқ, шу билан бирга, мен мамлакатнинг ўз тизими учун зарур бўлган етарли даражада ҳамшира ва шифокорларга эга эканлига ишонч ҳосил қилишни истардим.
— Буюк Британия марказий осиёлик мавсумий меҳнат муҳожирлари учун квотани ошириш масаласини кўриб чиқадими?
— Бу кўрсаткич ҳар йили Буюк Британиянинг хусусий сектори эҳтиёжларига қараб кенгайиб ёки қисқариб боради. Қолаверса, Буюк Британияда бу миқдорга нисбатан ички сиёсат мавжуд. Айни пайтда ҳаммаси жойида, бизга маъқул, дастур яхши ишламоқда. Биз Ўзбекистон ёки минтақадан Буюк Британияга келиб меҳнат қилаётганлар ҳақиқатда яхши тажрибага эга бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз керак.
Улар ишлаб топган маблағлари билан ўз мамлакатларига қайтганларида, бизда Халқаро миграция ташкилоти ва бошқа ташкилотларлар билан ҳамкорликда ишланадиган шундай дастурлар борки, меҳнат муҳожирлари маблағларини инвестиция қилиш орқали ўз бизнесларини очишлари мумкин. Шу тариқа, улар қайтиб келгач, ҳамма даромадларини бирданига сарфлаб юбормасдан миллий иқтисодиётнинг юксалишига ҳисса қўшадилар.
— Жаноб Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорликка тўхталиб, минтақа ва Ўзбекистон учун Chevening стипендиантлари сони кўпайтирилиши таъкидланди. Эндиликда Chevening стипендияси учун нечта ўрин мавжуд бўлади?
— Бу борада мақсадларим жуда катта, чунки таълим масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда қилаётган ишимиз ва бераётган ёрдамимизнинг асосий қисми шундан иборат. Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам мунтазам «таълим, таълим, таълим» деб такрорлайди.
Бу ерда инглиз тили бунчалик кенг қўлланилишини кутмагандим. Ва, албатта, постсовет авлоди учун инглиз тилини биладиганларнинг бундай кўп сонлилиги ҳақиқатан ҳам диққатга сазовор. Назаримда, бу Ўзбекистоннинг оёққа туриши, жаҳон бозорларига очилиши, ёшларингиз халқаро миқёсда иш ўринлари учун рақобатлаша олиши ва тажриба орттириб қайтишининг натижасидир.
Chevening учун, янглишмасам, 15 та ўрин ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу йил иштирокчилар сонини икки баробарга ошириб, 15−16 нафарга етказдик.
Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси доирасида ҳар йили 100 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини Буюк Британияга магистратурага ўқишга юбораётганингиздан хабарим бор. Бу жуда ҳайратланарли рақамлар. Биз бу одамларнинг бизнесда, фуқаролик жамиятида, давлат бошқарувида муҳим лавозимларни эгаллаётганининг гувоҳига айланяпмиз. Ўзини жамият манфаатларига бағишлаганлар қайтиб келишади ва тажрибалари билан ўртоқлашишади, тизимларингизни халқаро илғор тажрибалар ёрдамида ўзгартиришади. Агар мамлакатингиз учун [бу тажрибалардан] биронтаси ишламаса, бу [бизда] иш бермайди деб айтишингиз мумкин.
Cambridge University Press мамлакатдаги умумтаълим мактаблари учун дарсликлар тақдим этмоқда, бу ҳам кишида ажойиб таассурот қолдиради. Яъни, сиз ўзингизга маъқул келган таълим усулларини кўриб чиқдингиз ва уларни ўзлаштирдингиз — биз худди мана шундай имкониятлар излаймиз.
Ташқи ишлар вазирининг ташрифи доирасида биз, хотирам панд бермаётган бўлса, тахминан 6,5 миллион фунт стерлинг миқдоридаги таълим дастурини эълон қилдик, у инглиз тилини ўқитиш даражасини ошириш, инглиз тилини ўргатиш, таълим тизими, имтиҳонлар, ўқув дастурларининг самарадорлигини оширишга қаратилган бўлади. Яъни, бутун бошли таълим тизимига ҳар томонлама ёндашув. Ҳукуматингиз таълим соҳасидаги устуворликларга эришишини таъминлаш мақсадида биз UNICEF сингари халқаро ҳамкорлар билан ишлаймиз.
— Буюк Британия Марказий Осиё ҳукуматларининг коррупция ва пул ювишга қарши курашиш салоҳиятини ошириш муҳимлигини таъкидлайди, бу эса иқтисодий ривожланишнинг яхшиланишига олиб келиши мумкин. Бу борада Буюк Британия Ўзбекистонга қандай ёрдам таклиф қилмоқда?
— Юқорида тилга олинган 25 миллион фунт стерлингга яқин жамғармага эга бўлган «Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув» дастури давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича ҳам ишлайди.
Буюк Британия сиз билан ўртоқлашиши мумкин бўлган энг йирик тажрибалардан бири — бу халқаро арбитраж судидир. Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида президент Мирзиёев Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилишини маълум қилди. Бу инвестор ишончи учун жуда фойдали ва муҳим.
Қайси давлатга борманг, ўрта ва йирик корхоналарга ҳам, кичик корхоналарга ҳам айнан арбитраж суди ишонч беради. Яъни, агар сиз бу ерга келиб инвестиция киритсангиз, инвестициянгизнинг аниқ қонуний кафолатига эга бўласиз, арбитражга мурожаат қилишингиз мумкин.
Форс кўрфази мамлакатлари, Сингапур ва Қозоғистон мисолида, бу инвесторларнинг ишончи ва ушбу мамлакатларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини сезиларли даражада оширди. Дарҳақиқат, мен TIIFʼда бўлганимда, Форс кўрфази компанияларининг «Бу ерда арбитраж суди бўлиши жуда соз», дея таъкидлашганига гувоҳ бўлдим. Демак, гап фақат Британия компаниялари ҳақида эмас. Бунга Жанубий Осиё компаниялари, Форс кўрфази компаниялари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Агар бугун кимдир уларга бу ерда арбитраж судига мурожаат қилиш имконини берувчи халқаро тан олинган судга эга бўлишини кафолатласа, бу ҳақиқатда жуда муҳим.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай суд фаолиятининг биринчи йилидаёқ мамлакатингизга 400 миллион долларга яқин қўшимча инвестиция кириб келади. Судлар бироз қиммат, бироқ 400 миллион эмас. Ва вақт ўтиши билан қўшимча инвестициялар оқими ҳам ўсади. Қозоғистонда нима бўлаётганига эътибор беринг.
Ушбу судда британиялик судялар халқаро мақомда иштирок этиши ҳам муҳим. Бироқ, келажакда ўзбек ҳуқуқшунослари етишиб чиқади. Шу тариқа кўникмалар ривожланади ва илғор халқаро тажрибалар Ўзбекистонга улашилади.
Тушунишимча, ҳозирда уни рақамли парклардан бирига кўчиришмоқчи. Бу эса қонунчилик базаси устида қўшимча ишларни талаб қилади. Бироқ, ғоя ва мақсаднинг ўзи жуда ишонарли.
Ва агар у халқаро миқёсда мустақил деб тан олинса ва унинг фаолияти мустақил бўлиб қолса, [яъни ҳеч ким аралашмаса], бу сизнинг мамлакатингизга катта миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.
— Яшил технологиялар соҳасидаги ҳамкорликка қайтсак, Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида бу йўналишда қандай ҳамкорлик амалга оширилмоқда?
— Ташқи ишлар вазирининг ташрифи доирасида биз бюджети тахминан 19,5 миллион фунт стерлинг бўлган Яшил инклюзив жамғарма ташкил этилишини эълон қилдик. Унда ҳукуматлар салоҳиятини оширишга ёрдам бериш масалалари кўриб чиқилади. Шунингдек, у хусусий капитал ва халқаро молиялаштиришни жалб қилган ҳолда, қайси кичик ва ўрта корхоналар яшил технология ва салоҳиятни оширишда қўллаб-қувватлашга, шунингдек, минтақавий инфратузилма, энергия, сув ва қайта тикланадиган энергияга инвестицияларга муҳтожлигини аниқлашга ёрдам берадиган махсус молиялаштириш моделига эга бўлади.
Биз сизнинг қайта тикланадиган яшил технологиялар секторингизни ривожлантиришга ёрдам бериш учун мамлакат миқёсида қандай дастурлар кераклигини, улар минтақа бўйлаб қандай боғланишини билишни истаймиз.
— Жамғарма бутун минтақа учунми?
— Бутун минтақа учун. Лекин, бу дастурларнинг айримлари фақат икки томонлама бўлади. Ичимлик суви ёки энергетика бўйича бошқа дастурлар эса ўзаро боғлиқликнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда минтақавий хусусиятга эга бўлади. Сизда эскириб бораётган ва жуда самарасиз совет технологиялари кўп. Ва мамлакатингиз аҳоли жон бошига углерод излари кўрсаткичи бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторига киради. Биз ушбу кўрсаткични пасайтиришга ёрдам бермоқчимиз.
Буларнинг кўп қисми — ХМТлар, бизнес, ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилиш ва хусусий капитал билан ишлаш асносида, сизнинг назарингизда, муаммолар ва масалалар мавжуд бўлган соҳаларни аниқлашга ёрдам бериш учун рағбатлантирувчи маблағ ҳисобланади.
— Парламент ҳисоботида минтақа давлатларининг дипломатик хизматлари учун дипломатик академия ташкил этиш тавсия этилган. Ушбу ташаббус қайси босқичда? Ва бу минтақавий интеграцияни қандай мустаҳкамлаши мумкин?
— Буюк Британияда дипломатик академия бор ва турли хорижий хизматлар дипломатларни турли йўллар билан тайёрлайди. Мамлакатингизда дипломатлар етиштириб берувчи бир нечта яхши дипломатия университетлари борлигига ишонаман. Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети. Улар сизни бўлажак дипломатлар, элчилар ва бошқа зарур мутахассислар билан таъминлайди. Мен бу таклиф ҳозир қайси ҳолатда эканлигини билмайман, лекин биз президентнинг [ислоҳотлар дастури] устувор йўналишлари ҳисобланган соҳаларда тажриба алмашишдан манфаатдормиз, улардан бири давлат бошқаруви салоҳиятини ошириш ҳисобланади.
Бизда давлат хизматчиларининг касбий маҳоратини оширувчи давлат хизмати университети мавжуд. Биз бу борадаги илғор тажрибаларимиз билан ўртоқлашамиз. Давлат бошқарувидаги Delivery Unit модели бўйича қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини ҳам ўрганмоқдамиз.
— Ўзбекистонда салкам бир йил вақт ўтказдингиз. Бу вақт ичида мамлакат ҳақида кўп нарсаларни билиб олишга муваффақ бўлдингиз. Сизнингча, тараққиётнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистонга кўпроқ нима керак?
— Мамлакатдаги халқаро молия ташкилотларининг айрим раҳбарлари билан суҳбатлашдим ва айтишларича, Ўзбекистон дунёда бундай динамика сезилаётган кам сонли давлатлардан бири. Мамлакат сифатида гуллаб-яшнаяпсиз, президентнинг ислоҳотлар дастури аниқ мақсадлар устига қурилгани кўриниб турибди.
Менимча, айрим ҳолларда одамларга ўзини кўрсатишлари учун вақт бериш, тўхталиш, уларни ўз ҳолига қўйиш ва вазифаларни бажариши учун вақт бериш керак.
Мени [Ўзбекистондаги] динамика, илиқ кутиб олишгани ва биргаликда ишлаётган ҳақиқий ҳамкорлар эканлигимиз ҳақидаги ҳақиқий ҳиссиётлар ҳайратда қолдирди. Ва бу кишини ҳақиқатда хурсанд қилади. Сизнинг маданиятингиз ва тарихингиз ажойиб. Менинг мамлакатим «зулмат асрлари»да бўлган бир вақтда, бутун мамлакат бўйлаб Бухоро, Самарқанд, Хивада жаҳоннинг энг буюк файласуфлари, астрономлари етишиб чиққан. Бизнинг ҳамкорлигимиз шу кунгача давом этмоқда ва биз бир-биримиздан ўрганамиз.
— Ўзбекистонда сўнгги пайтларда сезиларли ўсиш кузатилаётган соҳалардан бири бу креатив саноат. Бу Ўзбекистон ҳаётига қандай таъсир қилади ва у янги ҳаракатлантирувчи кучга айлана оладими?
— Яқинда 50 ёшни қаршилайман, ва мен [тараққиётдан] бироз орқада қолдим. Етти ёшли қизим айрим технологияларда мендан кўра яхшироқ. Бироқ, Тошкентдаги рақамли паркда бўлдим, унинг ташқи дунё билан қанчалик боғланганлиги, парк дизайнини ишлаб чиқишда Сингапур, Ҳиндистон, дунёнинг турли бурчакларидан энг яхши намуналарни ўзлаштирганингиз мени ҳайратда қолдирди. У ерда дастурчилар, эркаклар ва аёллар бирдек иш олиб бормоқда. Бу соҳада гендер мувозанатига эришишга уриняпсиз. Аёл ва қизларнинг барча соҳаларда меҳнат қилиши муҳим.
Шунингдек, бутун мамлакатга электрон тижоратни олиб кириш устида иш олиб бормоқдасиз. Бундай марказлар ҳар бир вилоятда бор, ёшларни ўқитасиз, яқин-атрофда ётоқхоналар, университетлар бор, масъулиятли вазирлик бор, хориждан бизнесларни жалб қиласиз. Ва бу борада сиз дунёда етакчи ўринни эгаллайсиз.
Муҳокама қилганимиздек, сизда демографик ўсиш билан боғлиқ муаммолар бор ва денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмассиз. Шу нуқтаи назардан, бу ривожланишингиз учун жуда муҳим соҳа. Ўйлайманки, сиз ҳаммасини тўғри қиляпсиз, ҳаммаси бир маромда кетяпти. Президент таълимни мамлакат олдидаги энг устувор вазифа сифатида белгиламоқда ва, менинг назаримда, кўпчилик ота-оналар ҳам фарзандлари олдига худди шундай мақсадни қўядилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Буюк Британия трансмиллий таълимни таклиф қилиши, шунингдек, электрон тижорат бўйича тажриба алмашиши мумкин, биз дунёдаги тўртинчи энг йирик электрон тижоратга эгамиз. Мен сизларнинг энг яхши тажрибаларни қанчалик моҳирона танлаб олиб, уни мамлакатингиз ва иқтисодиётингиз ривожига йўналтираётганингизга аллақачон гувоҳ бўлдим. Ва биз сизга ёрдам беришга тайёрмиз.
— Суҳбатга тайёрланаётган пайтимизда ўзбек тилидан имтиҳонга тайёрланаётганингизни айтишди. Имтиҳонингиз қандай ўтди?
— Жуда яхши ўтди. Саволингиз учун катта раҳмат. Мен ўзбек тилида гаплашишим керак (ўзбек тилида айтди — таҳр.). Машқ қилишим керак, инглиз тилида жуда кўп гапираман. Мен учун ўзбек тили муҳим. Британия дипломатлари ҳам рус, ҳам ўзбек тилларини ўрганишади, лекин биз ўзбек тилини тобора кўпроқ ўрганиб борамиз, чунки бу сизнинг маданиятингизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради. Қолаверса, биз сизнинг юртингизда меҳмонмиз, сизнинг тилингизда гаплашишимиз керак.
Мен ўзбек тилида эркинроқ гаплашишни истайман. Ҳозир бундай эмас. Ўзим хоҳлаганчалик эркин гаплашолмаслигим мени ранжитади, бироқ кўчага чиқишим, бозорларда савдолашишим мумкин. Атрофимдагилар ўзбек тилида гаплашса, тушунаман. Йиғилишларда ўтирсам, менга таржимон керак эмас, бу жуда ажойиб. 20 дақиқалардан кейин таржимонни ёқишим мумкин, чунки миям чарчайди.
Ҳурмат кўрсатиш ниҳоятда муҳим. Бу маданиятни тушунишга ёрдам беради. Ўзбеклар қандай яшашини, уларни нималар ташвишга солишини тушунишга ёрдам беради. Мен X (собиқ Twitter) га кира оламан, «Газета.uz»га, «Kun.uz»га кира оламан, Uzbekistan24ʼни томоша қила оламан ва мамлакатда нималар бўлаётганини тушунаман. Менга таржимон керак эмас, радио тинглай оламан. Бу сиз учун аслида нима муҳимлигини тушунишга жуда катта ёрдам беради.
— Ўзбек тилини қачондан бери ўрганяпсиз?
— Бу ерга келишидан тахминан 14 ой олдин бошлаганман. Тилингиз жуда қийин. Бироқ, куч сарфлашга арзийди. Гап тузилиши мени шунчаки ҳайратда қолдиради. Кореялик ва япониялик ҳамкасбларим билан гаплашсам, ўзбек тилини ўрганиш жуда осон, дейишади. Бироқ, Ғарбий Европа тилида сўзлашувчилар учун гап тузилиши мураккаброқ туюлади. Лекин бунга арзийди.
— Ушбу саъй-ҳаракатларингиз учун сизга рахмат. Сиздан аввалги элчи Торлоу билан суҳбатлашганимда, келишингиз олдидан сизга қандай маслаҳат беришини сўраган эдим. Сир бўлмаса, у сизга Ўзбекистон ҳақида нималар деди, қандай маслаҳатлар берди?
— Биз минтацанинг геосиёсий аҳамияти, унинг бу ерда бўлган йиллари давомида кўрсатилган илиқ муносабат, меҳмондўстлик ҳақида, кетиш у учун қанчалик оғир бўлгани ҳақида суҳбатлашдик. У менга «Бундан завқ олинг. Вақт жуда тез ўтади», деб маслаҳат берган эди.
Бизда янада мустаҳкамроқ ва яқинроқ муносабатларни давом эттириш имконияти мавжуд. Мендан аввалги элчи Тимга у ва унинг жамоаси қилган барча ишлари учун миннатдорчилик билдираман. Уларнинг хайрли ишларини давом эттириб, нафақат бугунги кун учун, балки фарзандларимиз учун ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишдан жуда мамнунман.
— Жаноб элчи, ажойиб интервью бўлди, сиз билан суҳбатлашганимдан мамнунман. Раҳмат.
— Мен ҳам мамнун бўлдим. Саволларингиз, фикрларингиз учун катта раҳмат (ўзбек тилида айтди — таҳр.).
Давлат Умаров суҳбатлашди.