Саудия Арабистонининг подшоҳ Салмон номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази Ўзбекистонга беғараз кўмак сифатида 25 тонна хурмо юборди. Бу ҳақда «ВАҚФ» хайрия жамоат фондининг матбуот хизмати хабар қилди.
Қурбон ҳайити арафасида йўлланган ҳадяни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқуловга топширди.
Маросимда Диний идора раисининг иқтисод ишлари бўйича маслаҳатчиси Алишер Эшимов, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон Абдуллаев, подшоҳ Салмон номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази вакиллари Аднан Хатим Асирий ва Алақил Абдулҳаким Саъад ҳам қатнашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди хабарига кўра, ҳадя қилинган хурмо жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиаллари томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, етим, ногиронлиги бор кишилар ҳамда «Мурувват» уйлари ва шифохоналардаги ҳақдор фуқароларга тарқатилади.
Маълумот учун, ушбу марказ Қурбон ҳайити арафасида дунё бўйлаб хурмо тарқатиши анъанага айланган.