14 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Давлат ташрифи доирасида қуйидаги 17 та ҳужжат имзоланди:

  1. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим;
  2. Корея Экспорт-импорт банки ва Hyundai Rotem компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар;
  3. Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим;
  4. «Тошкент Фарма Парк» инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим;
  5. Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  6. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  7. Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  8. Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  9. Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув;
  10. Ўзбекистон ҳудудларида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув;
  11. Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув;
  12. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея қўшма қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида келишув;
  13. Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  14. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  15. «Ўзсаноатқурилишбанк» АЖ билан Корея Экспорт-импорт банки ўртасида банклараро мастер-кредит линияси тўғрисида битим.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабарига кўра, Hyundai Rotem умумий қиймати 195,7 миллион доллар бўлган келишув доирасида «Ўзбекистон темир йўллари»га 42 та вагонга мўлжалланган 6 та тезюрар поезд етказиб беради ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматларини олиб боради.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муҳим материаллар соҳасидаги ҳамкорликка келсак, Yonhap`нинг аниқлик киритишича, имзоланган келишув фойдали қазилмаларни биргаликда қидиришдан тортиб то фойдаланишгача бўлган кенг қамровли шерикликка йўл очади.

«Иккала давлат Ўзбекистоннинг бой минерал ресурслари ва Жанубий Кореянинг илғор технологияларини уйғунлаштириш орқали таъминот занжири ҳамкорлигида синергияни максимал даражада оширишга келишиб олди», — дея қўшма матбуот анжумани якунида Жанубий Корея президенти сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.

Битимлар асосий фойдали қазилмаларни, шу жумладан, литийни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашнинг бутун циклини қамраб олувчи ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Корея компанияларига иқтисодий фойдали қазилмаларни ўзлаштиришда устувор аҳамият беришга қаратилган, дея таъкидлайди агентлик президент маъмуриятига таяниб.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Жанубий Корея келгуси 3 йилда ўта муҳим минераллар, яримўтказгичлар, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, шаҳарсозлик, хавфсиз энергетика — жами 7 та йўналишда ҳамкорлик қилмоқчи экани ҳақида ёзгандик. 2025 йилни «Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили» деб номлаш ҳам таклиф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари тор доирадаги учрашувда ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан келишувга эришган.