Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов 2024−2025 ўқув йилида олий таълим билан қамров даражаси 43 фоиздан ошишини маълум қилди. Бу ҳақда у 12 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида маълумот берди.

Президентнинг 24 майдаги тегишли фармонига асосан 2024−2025 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрларига таклифлар бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида шакллантирилган. Бунда муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, табиий фанлар, АКТ соҳалари йўналишлари бўйича давлат гранти квоталари оширилиши таклиф этилган.

Умумий қабул квоталари (грант ва контрактга ажратилмаган ҳолда) олийгоҳларнинг таклифлари асосида шакллантирилмоқда. Таклифлар Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Бунда умумий қабул параметрлари олийгоҳлар, йўналишлар, таълим тили, таълим шакли бўйича тасдиқланади.

«Умумий қабул квоталари бакалавриатга 200 мингдан ортиқ бўлиши, шубҳасиз, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 43 фоиздан ошишини таъминлайди», — дея таъкидлади вазир.

Шунингдек, педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабалари учун 2-курсдан бошлаб ҳафталик ўқув машғулотларини «4+2» тартибида, жумладан, дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача, умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларида амалиёт ўташ шаклида олиб борилишини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.

2023 йил Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражаси 27 фоиздан 72 фоизгача, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизгача ошганини маълум қилганди.