Қорақалпоғистонда фуқарони мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда жавобгар қилмоқчи бўлган ички ишлар бошқармаси мансабдори товламачиликда айбланмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши хабар берди.

Қайд этилишича, Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосари бу ҳаракатларни амалга оширмаслик эвазига фуқародан iPhone 15 Pro Max телефонини талаб қилган. Шундан сўнг фуқаро Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон бошқармасига мурожаат қилган ва уни жавобгарликка тортишни сўраган.

Мурожаатчининг билдиришича, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, майор унвонига эга мансабдор унинг шахсий сирини билишини, агар унга сўралган телефонни олиб келмаса, ўша сирни фош қилиб, ўзини жавобгар қилмоқчилигини айтган.

Ходим фуқародан телефонни олаётган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой туманида тергов бўлими терговчиси ва 2 нафар суриштирувчиси ўзаро тил бириктириб, фуқародан 7 минг доллар пора олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ДХХ прокурор, адвокат ҳамда бошқаларни пора олганликда гумонлаб қўлга олинганини маълум қилган.