Индонезиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сунарио Картадината 13 июнь куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.
1950 йилда туғилган элчи пайшанба куни соат 18:30 ларда оламдан ўтган. Элчихона унинг ўлими сабабига аниқлик киритмади.
У 2019 йилдан бери Ўзбекистонда дипломатик фаолиятини олиб бораётганди. Тиббиёт фанлари магистри, профессор Сунарио Картадината бир вақтнинг ўзида Индонезиянинг Қирғизистондаги элчиси ҳам эди.
Ўзбекистон ТИВ элчининг вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилгани ҳақида ёзди.
«Жаноб Картадината ўз ватани учун тинимсиз меҳнат қилган, Индонезия манфаатларини ғоят профессионаллик ва фидойилик билан илгари сурган таниқли ва тажрибали дипломат эди. Унинг мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси беқиёс», дейилади хабарда.