2020 йил январида давлатга хоинлик қилишда (Жиноят кодексининг 157-моддаси) айбланиб, умумий режимдаги колония асосида 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ дипломат Қодир Юсупов 10 июнь куни жазони ўтаб, озодликка чиқди. Бу ҳақда «Газета.uz»га манбаси хабар берди. Жазони ўташ муддати ҳибсга олинган кундан — 2018 йил 10 декабрдан бошлаб ҳисобланган.

Қодир Юсупов — Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия, Судан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек, БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган. 2009 йилда у хизмат муддати тугаши муносабати билан Венадан Тошкентга қайтиб келган.

2018 йилнинг 3 декабрь куни ОАВ, жумладан, «Газета.uz»да Тошкент шаҳридаги «Пушкин» метро бекати рельсларига йиқилиб тушган 67 ёшли эркак ҳақида хабар берилган. У Қодир Юсупов эди. Унинг оиласи бу оғир психологик ҳолат туфайли ўз жонига қасд қилишга уриниш бўлганини маълум қилган.

Собиқ дипломат ёқа суяги синиши, ёпиқ бош жароҳати ва мия чайқалиши билан касалхонага ётқизилган. Шу куни касалхонада Қодир Юсупов хорижий давлатлар фойдасига давлатга хиёнат қилганини тан олган. 10 декабрь куни у ҳибсга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган, 12 декабрь куни эса қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳарбий суд ишни 2019 йил 24 июнь куни кўришни бошлаган. Жиноят иши бўйича суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Қодир Юсупов ўз айбини тан олмаган.