Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова 70 ёшда оламдан ўтди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Малика Қаюмова 1954 йил Тошкент вилоятида туғилган. 1976 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Институтни битиргач, ўзбек драма театрида ўз фаолиятини бошлаган.

У 1993 йилдан буён Муқимий номидаги мусиқали театрда фаолият кўрсатиб келаётганди. Малика Қаюмова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этган.

Жумладан, «Тақдир»да амма, «Девона»да она, «Фотима ва Зуҳра»да она, «Алпомиш»да Кунтуғмиш, «Пари қишлоқ»да она, «Ўлдинг, азиз бўлдинг»да она, «Хонума»да Текле, «Тошкентнинг нозанин маликаси»да Хайри, «Суперқайнона-2»да Ҳожар, «Ой онам-қайнонам»да Қумри, «Қизи борнинг — нози бор»да қуда каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.

Қаюмова 2011 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан мукофотланган.