Тошкент вилояти Паркент тумани Сўқоқ ва Қизилтоғ қишлоқларига, шунингдек, Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғига ташриф буюрувчилар кўпайиши муносабати билан 4Р15 йўлининг бир қисмида ва 4Р6 йўлида ҳаракат бир томонлама ташкил этилади, дея хабар қилди вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, тирбандликларни олдини олиш мақсадида 16−17−18 июнь кунлари 4Р15 Қизилтоғ шаҳри — Паркент шаҳар — Янгибозор қишлоғи автомобиль йўлининг 44- ва 48-километр оралиқларида транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилади.

Ушбу ўзгаришда Сўқoқ дам олиш масканига борган ҳайдовчилар учун ушбу йўлнинг 48 километрида Паркент шаҳрига автомобиль ҳаракати тўлиқ чекланади ва Тошкент шаҳрига 4Р16 Барданкўл қишлоғи — Жумабозор қишлоғи — Қизилтоғ шаҳри автомобиль йўли орқали қайтишлари мумкин бўлади.

Бўстонлиқ туманига ташриф буюрувчи ҳайдовчилар эса 4Р6 Тошкент — Чирчиқ — Чимён автомобиль йўлининг 57-километридан бошлаб мазкур йўлнинг 92 километригача, яъни 4Р10 автомобиль йўли билан туташган жойгача транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилади.