Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Корея президенти Юн Сок Ёлнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари меҳмонни қутлаб, дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 32 йиллиги ва Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг беш йиллиги билан табриклади.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Корея Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири эканлиги таъкидланди. Хусусан, ўтган йили товар айирбошлаш 2,5 миллиард долларни ташкил этди, корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошган, Тошкент ва Сеул ўртасида бир ҳафтада 10 та авиапарвоз амалга оширилмоқда.

корея, шавкат мирзиёев, юн сок ёль

Томонлар ҳамкорлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва илгари суриш учун янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан келишувга эришди.

Маданий-гуманитар алмашинув самарали ривожланаётгани юқори баҳоланди. Республикада Корея етакчи олийгоҳларининг 4 та филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Жанубий Кореяда 11 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таълим олмоқда.

«Корея маданияти уйи, Кўп тармоқли болалар клиникаси, Тошкентдаги Сеул боғи ва Сеул кўчаси дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий рамзига айланди», — дейилади хабарда.

корея, шавкат мирзиёев, юн сок ёль

Президентлар халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, минтақавий, жумладан, «Марказий Осиё — Корея Республикаси» форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.