Тошкент шаҳрида 14 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Ўзбекистон-Корея бизнес форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда мезбон давлат раҳбари матбуот хизмати.

Форумда Корея томонидан SK Group, Lotte Corporation, KOGAS, POSCO, Samsung, LG, Hyundai, KIA, Doosan, BoMI, Эксимбанк, EDCF жамғармаси, Корея тараққиёт банки каби 80 дан ортиқ етакчи компания ва банк-молия институтлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Корея Республикаси мамлакатнинг анъанавий ва йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

У ўтган йил якунида 2,5 миллиард долларга етган товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ўсгани, Ўзбекистон иқтисодиётидаги корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этаётганини қайд этди.

Томонлар савдо ва инвестицияларни кўпайтириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида келишиб олди, дейилади хабарда.

«Биз замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдик. Ўзаро муносабатларимизда „юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври“ бошланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Етакчилар Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни ташкил этиш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишга қарор қилди.

Президент матбуот хизматига кўра, дастур ўта муҳим хомашё ресурслари, яримўтказгичлар, кимё, машинасозлик, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, «яшил» энергетика каби устувор йўналишларни қамраб олади.

Бизнес форуми доирасида 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами тайёрланди.

Ўзбекистон раҳбари иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади.

«Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг салоҳияти жуда юқори. Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини самарали тўлдиришга қодир», — дея таъкидлади у.

Президентлар келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.

1. Аввало, стратегик хомашёни илғор технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қийматли маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш. Бу борада муҳим қадам сифатида ўта юпқа мис фольгани биргаликда ишлаб чиқариш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон-Корея нодир металлар илмий-технологик маркази фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

2. Электротехника саноатидаги шериклик доирасида Тошкент вилоятида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичлар кластерини қуриш ҳамда электротехника ва техник кремний ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.

3. Ўзбекистон кимё соҳасида корейс бизнеси билан стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида. «Яшил» водород, аммиак ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, ташриф доирасида Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимё технологиялари марказини ташкил этишга старт берилмоқда.

Корея компаниялари Ўзбекистоннинг автомобилсозлик соҳасидаги минтақавий етакчилигида муҳим ўрин тутади, дейилади хабарда. Масалан, KIA билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Мезбон президент корейс бизнесини машиналарнинг янги моделлари ва бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

Томонлар қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, аграр тармоққа «ақлли» технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон Кореянинг инфратузилма ва шаҳарсозлик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганишдан манфаатдор, деди Шавкат Мирзиёев. Бу борада корейс ҳамкорларнинг давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Саммит доирасида ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича EDCF жамғармаси билан умумий қиймати 2 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури имзоланди.

Ўзбекистон раҳбари ҳукумат корейс ишбилармон доиралари вакилларини барча келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда фаол қўллаб-қувватлашини айтди. Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинди.

Ўз навбатида, Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шериклик кўламини кенгайтириш учун ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади, дейилади хабарда.