Тошкент шаҳрида йилнинг дастлабки беш ойида расман 393 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда 29 киши ҳалок бўлган, 364 киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар қилди.

ЙТҲларнинг 61 фоизи ёки 240 таси пиёдалар иштирокида содир этилган. Хабарда қайд этилишича, уларнинг 99 фоизи ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги ва пиёдаларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши сабаб вужудга келган.

Пойтахт ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов ҳар бир ЙТҲ ўчоғини таҳлил қилиш, таҳлил асосида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида профилактика-тарғибот чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Таҳририятдан: Хабарда инфратузилмадаги кўплаб камчиликлар, хусусан, белгилар етишмовчилиги ва нотўғри ўрнатилгани, светофорлар мавжуд эмаслиги, нотўғри ўйланган чизиқлар ва пиёдалар йўлаклари ва ҳоказолар қайд этилмаган.