Шавкат Мирзиёевга 19 июнь куни заргарлик саноатини ривожлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тайёр маҳсулотлар экспортини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимот қилинди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Айни пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланади ва ундан маҳсулот экспорти атиги 78 миллион долларни ташкил этади.

заргарлик саноати

«Тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилиниши, соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизимини бутунлай қайта кўриб чиқиш муҳим», — деганди аввалроқ президент.

Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан таклифлар ишлаб чиқилган.

Жумладан, «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, ваколатларини кенгайтириш ҳамда бошқарув тизимини қайта ташкил этиш режалаштирилган.

заргарлик саноати

Соҳадаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари учун берилган имтиёзларни «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этиш таклиф этилди.

2026 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларига нисбатан божхона божи ва қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш имконияти ўрганилмоқда.

Ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо майдонларини ўз ичига олган махсус заргарлик марказларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борадаги пилот лойиҳаларни Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятларида жойлаштириш юзасидан ахборот берилди.

заргарлик саноати

Заргарлик буюмлари экспорти ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини АҚШга GSP тизими бўйича экспорт қилиш учун божхона тўловларининг ноль ставкасини белгилаш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари тақдим этилган чора-тадбирларни якунлаш ва 2027 йилгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.