Германия Ўзбекистон билан афғон қочқинларини депортация қилишни ўз ичига олиши мумкин бўлган миграция шартномасини тузиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб хабар берди Bloomberg ўз манбаларга таяниб. Бундай келишув Берлинга «Толибон» билан бевосита келишувлардан тийилиш имконини беради.

Май ойи охирида Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғига биноан Германия делегацияси ушбу масала бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкентга ташриф буюрди, дея хабар берди агентлик суҳбатдошлари. Таклиф этилаётган режага кўра, Ўзбекистон ҳукумати бошпана берилмаган ва Германиядан депортация қилинган чекланган миқдордаги афғон қочқинларини қабул қилиб, кейин Кобулга учадиган хусусий авиакомпания ёрдамида Афғонистонга жўнатади.

Манбаларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу таклифни кўриб чиқмоқда, шу билан бир пайтда, миграция пактига Ўзбекистондан Германияга ишчиларнинг қонуний миграциясига рухсат берувчи келишув ҳам киритилишини истамоқда.

Bloomberg хабарига кўра, Германия ҳукуматининг миграция келишувлари бўйича махсус вакили Йоахим Штамп музокараларни давом эттириш учун тез орада Ўзбекистонга келади.

  • Германия канцлери Олаф Шольц июнь ойи бошида иммиграция сиёсатини, жумладан, Афғонистон ва Суриядан бошпана истаб келувчиларга қарши афғон қочқиннинг немис полициячига ҳужуми ортидан қатъийлаштиришга ваъда берганди. Ҳодиса 31 май куни исломни танқид қилувчи Pax Europa ташкилоти аъзоларининг митинги чоғида содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходими бошига бир неча марта пичоқ билан жароҳат етказилган ва у шифохонада вафот этган.
  • 2021 йил ёзида «Толибон» ҳокимиятга қайтишидан бироз олдин Германия Афғонистонга депортацияни бутунлай тўхтатганди.